Get Mystery Box with random crypto!

#ЯХШИ\_ГУМОН… Бир аёл таксини орқа ўриндиғи бўш бўла туриб | Ҳадис ва Ҳаёт

#ЯХШИ\_ГУМОН

Бир аёл таксини орқа ўриндиғи бўш бўла туриб, ҳайдовчи ёнига ўтирди. (???)
Чунки ҳайдовчи унинг эри эди.

Соқоли бор бир киши азон айтилган масжид олдидан намоз ўқимай ўтиб кетди. (???)
Чунки у шу масжид яқинидаги масжидда имом эди.

Бир киши поёзд бекатида навбат кутиб ўтирарди. Бир киши унга салом берди. У эса жавоб қайтармади. (???)
Чунки унинг қулоғи эшитмас эди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Дарҳақиқат, кўпинча атрофдаги инсонларга нисбатан унинг ташқи кўринишига қараб фикр юритиб қўямиз. Кўп ҳолларда иш биз ўйлагандан бошқача бўлиб чиқади. Кейин ўзимиз аттанг қилиб қоламиз. Бўлар иш бўлди. Энди афсус қилишнинг фойдаси йўқ. Шу каби ҳолатларда биз яхши гумон сифатини ўзимизда шакллантириб олишимиз керак.

12. «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир...» Ҳужурот сураси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Гумондан сақланинг. Чунки у энг ёлғон гапдир». Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Жаъфар ибн Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдандан ривоят қилади:

У зот айтади:

«Агар биродаринг ҳақида сен ёқтирмайдиган нарса етиб келса, бирдан то етмишгача узр ахтар. Агар топа олсанг. Йўқса, балки мен билмаган узр бўлса керак, дегин».

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилади:

У зот айтади:

«Агар биродаринг ҳақида бирор сўз етиб келса узр ахтар. Агар топа олмасанг, балки мен билмаган узр бўлса керак, дегин».

Солиҳлардан бири айтади:

«Аллоҳга қасамки, бандага ишларида ўзининг ниятини билиш мушкул. Бошқаларнинг ниятларини у қаердан ҳам билсин?!».

Аллоҳ яхши гумонда бўлишимизни Ўзи осон айласин.


АЛБАТТА ТАРҚАТИНГ!!!

┄┄┅┅✿ ❀ ❀ ✿┅┅┄┄

«ҲАДИС ВА ҲАЁТ» каналига уланинг ва долзарб маърузаларни тингланг
@HADISVAHAYOT24