2023-05-02 01:55:09
Ота ~онамга
Айтилмаган қўшиғимсиз, жоним онам,
Ёзилмаган достонимсиз, жоним отам.
Йиллар ўтар, юрагимнинг тубларида,
Сира битмас армонимсиз, ота~онам.
Мусофирим, деб йўлимни интиқ кутган,
Рўзғорида не бор бўлса менга тутган,
Бир кафтгина китобимни кўзга суртган,
Шеърларимнинг ошиғисиз, жоним отам,
Айтилмаган қўшиғимсиз, жоним онам.
Инжиқлигим, ошиб кетса меъёрдан ҳам
Талабларим тошиб кетса бозордан ҳам,
Шу қизим ҳеч кўрмасинда деб бирор кам,
Маъқуллаган ҳар онимсиз, жоним отам,
Ёзилмаган достонимсиз, жоним онам.
Бир қиз бўлиб, сўзлашибман доимо жўн,
Устингизга ёпмабман ҳам қимматроқ тўн,
Бурчларимни қўйдим доим сиздан устун,
Қалбимдаги ардоғимсиз, жоним отам,
Айтилмаган қўшиғимсиз, жоним онам.
Икки қабр ўртасида ўтираман,
Сизлар билан ўтган дамни соғинаман,
Қайсарлигим, худбинлигим кўп кўраман,
Меҳр тўла қўрғонимсиз, жоним отам,
Ёзилмаган достонимсиз, жоним онам.
Бугун сизга шеър ёзаман дафтар~ дафтар,
Лек армоним ўсаверар бўй баробар,
Энди сизни топиб берар менга кимлар,
Айтилмаган қўшиғимсиз жоним отам,
Ёзилмаган достонимсиз, жоним онам...
Гули Нигор
https://t.me/GuliiNigorrr
31 viewsGuli Nigor, 22:55