Get Mystery Box with random crypto!

Янги режа ва мақсадлар Ассалому алайкум ҳурматли юртдошла | GRAND TA'LIM MAKTABI

Янги режа ва мақсадлар

Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар, устозлар, ҳамкасблар, муассасаларимиз тингловчи, ўқувчи ва талабалари!

Янги 2023 йилнинг илк кунида сизларга саломатлик, оилавий фаровонлик ва ўйлаган барча хайрли орзу мақсадларингиз руёбини тилайман.

Барчамизга маълумки, ўтган 2022 йил биз учун улкан ишларни, масъулиятли вазифаларни амалга ошириш учун янги қирралар очилишига сабаб бўлган йил бўлди. GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасининг республика бўйлаб кўплаб янги филиаллари очилди ҳамда GRAND TA'LIM мактаби ва Янги аср университети нодавлат олий таълим муассасаларида янги, биринчи ўқув йили бошланди.

Мактабда кўплаб болажонлар ўқув парталаридан жой олишган бўлса, университетда минглаб талабалар янги билим даргоҳида ўзларига маъқул бўлган мутахассисликлар бўйича илм олишни бошлашди.
Юртимизда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Фарзандларимиз сифатли таълим ва тарбия олиб, баркамол шахс бўлишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз”.

Биз 2023 йилда ҳам тўплаган 15 йиллик тажрибамизга суяниб, катта устозларимиз ва ўз ишининг билимдон мутахассисларининг тавсия ва масалаҳатлари билан иш тутган ҳолда, олдимизга қўйган таълим соҳасидаги режаларимизни амалга оширишда давом этамиз.

Хорижий тиллар – араб, инглиз, рус, турк, хитой тилларини ўқитишда давр талабидан келиб чиқиб, энг илғор ва замонавий методларни амалиётда қўллаймиз. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари 2022 йилда бажарганимиз каби ишлаб чиқиш ва чоп этишда давом этамиз.
Ўқитишда, фанларни ўзлаштириш, баҳолаш тизимларида ахборот технологияларининг энг илғор ютуқларидан фойдаланиш учун барча имкониятларимизни сарф этамиз.

Муассасамиз тизимида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва педагогларга эътиборимизни янада кучайтирамиз. Уларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш, керакли ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, яхши маош белгилаш, илмий ишларини давом эттиришлари, соҳа бўйича ривожланишлари кўмак бериш, малакаларини ошириш борасида ушбу йилда ҳам барча зарурий шароитларни яратамиз, қўллаб-қувватлаймиз.

Кўзимиз қувнатадигани, бизнинг таълим муассасаларимизда ўтган йиллар мобайнида минглаб юртдошларимиз, ўғил-қизларимиз билим олишди, тил ўрганишди. Буларнинг натижасида олий таълим муассасалари талабалари бўлишди, яхши касб эгалари бўлиб етишишди.
Улардан, ота-оналаридан кўплаб раҳмат ва ташаккурларни эшитиш, дуоларини олиш насиб этган. Аввал муассасамиз тингловчилари бўлган, айни дамда эса илм масканларимизда дарс бераётган ўқитувчиларимиз ҳам кўпгина.

Сўзимни якунлар эканман, барчангизнинг ҳаётингизда 2023 йилда янгиликлар, хушхабарлар, ютуқ ва муваффақиятлар кўп бўлишини истайман. Биз билан бирга эканингиздан хурсандман, ўқувчи ва талабаларга илм олиш йўлида куч-қувват ва ғайрат берсин, педагог ва ходимларимизга ишчанлик, шижоат ва фидойилик ҳамиша ёр бўлсин.

Яратган Аллоҳ азиз юртимизни ҳамиша Ўзининг паноҳида асрасин, оилаларимиз фаровон бўлсин. Доимо соғ-саломат бўлинглар, таълим йўлида, ривожланиш ва юксалиш, Ватан равнақига ҳисса қўшиш йўлида асло чарчаманглар!

Самимий эҳтиром билан Музаффар Саттиев. GRAND TA'LIM бош директори, GRAND TA'LIM мактаби ва Янги аср университетлари таъсисчиси.

Facebook | Instagram | Telegram |Youtube | Веб сайт