Get Mystery Box with random crypto!

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳақларида, у зотнинг ҳаётл | Ғариблар | الغرباء

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳақларида, у зотнинг ҳаётларига, илмларига муносиб таржимаи ҳол ёзиш учун катта китоб ёзиш керак бўлади. Лекин, қисқа равишда, қўлдан келганча қуйидагиларни ёзиш мумкин:

Исми: Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Абдуссалом. Куняси: Абул Аббос. Нисбати: Ал-Ҳарроний Ад-Димашқий. Мазҳаби: Ҳанбалий.

Ҳижрий 661 йил, рабиул аввал ойида (милодий 1263 йил, январ ойида) туғилганлар. Оиласи 667 йилда мўғуллар ҳужумидан сўнг Дамашаққа кетишга мажбур бўлган.

Ўша ерда жойлашгач, гўдаклигидан ўқишга берилган Ибн Таймия ёшлигидаёқ барча илмларни пухта эгаллайди.

У кишига таржимаи ҳол ёзган шогирди Ибн Абдулҳодий раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бениҳоя заковатли, ўткир зеҳнли, нозиктабъ, жуда тиришқоқ бўлган шайхулислом ўн неча ёшидаёқ (тахминан 14-16 ёшида) атрофида мавжуд бўлган барча фандаги китобларни ўқиб чиққан, ўқиб чиққангина эмас, хотирасига муҳрлаб бўлган эди. Шундай қилиб, йигирма ёшга етмаёқ у зотни катта ўринларда дарс бериш ҳамда фатво бериш мақомига кўтарган эдилар.

Имом Заҳабий у киши ҳақида "Буюк имом, аллома, замонасининг тенгсизи, шайхулислом" деб мақтагач, ёшлигидаги юқоридаги ажойиб истеъдодини сўзлаб, ортидан шундай дейди: ".. бениҳоя иффатли, тақво билан, жуда қаттиқ ибодат ва зоҳидлик, кийимида, таомида ниҳоятда камсуқумлик билан яшади".

Аллома Аламуддин Бирзолий у зот ҳақида сўзлаб, илм олган замонаси машойихларини санагач, қуйидагиларни ёзади:

".. Ўзи ҳам жуда кўп ўқир эди, ҳадис талабида атроф шаҳарларни кезиб, турли ҳадис китоблар, муснадларни санадлари билан эшитиб чиқди, ўзи ҳам бунга бир неча йил кетди. Кейин турли илмлар билан машғул бўлди. Бениҳоя зеҳни ўткир, хотираси кучли эди. Натижада, тафсир ва унга алоқали фанларда имом (ҳамманинг олди) бўлди, фиқҳ ва уламолар ихтилофини чуқур ўрганиб чиқди, усули фиқҳ, наҳв, луғат ва бошқа ақлий ва нақлий билимларда етакчи бўлиб етишди. Ўз фанида моҳир бўлган ҳар қандай киши у киши билан суҳбатлашгач, ўзининг фанида у кишини моҳирроқ деб тан олар эди".

Мана, у зот ҳақида замондошларидан икки аллома айтган гаплар. У киши ҳақида айтилган бу каби мақтов ва олқишлар жуда кўп. Юқорида нақл этганларим кифоя қилса керак.

Хулоса, шайхулислом Абул Аббос Ибн Таймия ана шундай барча фанларда моҳир тенгсиз аллома бўлиб чиқдилар. Бу нарса албатта у киши дарсларида, ёзган китобларида яққол кўринди. Асосан, ақида борасида, шунингдек, фиқҳ ва усулда тарихда салмоқли ўрин эгаллаган китоблар ёзиб қолдирдилар.

Ёзган катта ва кичик китоблари икки юздан ошиқдир. Улар ичида баъзилари ўзининг тенги йўқлиги, бениҳоя зарурлиги билан Ислом кутубхонасида алоҳида ўрин эгаллайди:

1. Ал Жавоб ас саҳиҳ лиман баддала динал Масиҳ (Масиҳ (Исо) алайҳиссалом дини ўзгартириб юборганларга тўғри жавоб).
2. Минҳожус сунна (Суннат йўли). Шиалар ва рофизалар намояндасига раддия.
3. Даръу таъорузил ақл ва нақл (Ақл билан нақл ўзаро зиддиятли деган даъвони даф этиш). Бу ажойиб китоб Қуръону Суннатдаги баъзи нусуслар ақлга тўғри келмай қолиши мумкин деб даъво қилувчиларга раддия сифатида ёзилган.
4. Иқтизоус сиротил мустақим мухолафата асҳобил жаҳим. (Тўғри йўлни маҳкам тутишнинг жаҳаннам эгалари (бўлмиш кофирлар)га тескари бўлишни тақозо қилиши).
5. Истиқомат (Тўғри йўлда туриш).
6. Ас Соримул маслул ала шотимир расул (Пайғамбарни сўкувчи боши узра яланғоч қилич).
7. Ал ақидатул воситийя (Воситлик бир киши саволига жавоб ўлароқ ёзган ақида китоби).

Шайхулислом Ибн Таймия, табиийки, бундай тенги йўқ аллома бўлиб чиққанларидан сўнг, мутлақ мужтаҳид мақомига кўтарилган эдилар. Шунга кўра, баъзи масалаларда, китобу суннатга, тўғри фиқҳий қиёсга суянган ҳолда илгариги уламолар фатволарига тескари фатволар ҳам берганлар.

Шу сабабли, асосан, ақидада салафларга хилоф равишда ақлий таъвилларни олдинга сурган ашъарий ва мотуридий йўлларини ёқловчи мутааххир уламоларни кескин танқид қилганларидан сўнг у кишига адоват кучайган. Натижада, ўртада турли мунозаралар бўлиб ўтган, баъзан бундай мунозаралар ўша замон ҳукмдорлари ҳузурида бўлиб ўтар эди.