Get Mystery Box with random crypto!

21 май куни Фарғонада татар-бошқирд халқларининг миллий байрам | Фарғона вилояти ҳокимлиги

21 май куни Фарғонада татар-бошқирд халқларининг миллий байрами – "Сабантуй" бўлиб ўтади

Жорий йил 21 май куни, Фарғонада татар ва бошқирд халқларининг дўстлик, меҳнат, санъат ва спорт миллий байрами – "Сабантуй" бўлиб ўтади.

4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Фарғона вилоятида 400 минг атрофида ўнлаб миллат ва элат вакиллари дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечирмоқдалар. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган 8 та миллий маданий марказлардан бири – Татар миллий маданий маркази томонидан ташкил этилаётган ушбу байрамни вилоятимизда яшовчи 2,5 минг нафардан зиёд татар ва бошқирд миллатига мансуб аҳоли вакиллари ўзгача кайфият билан кутадилар.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги қошидаги Маънавият ва маърифат маркази биносида (собиқ "Нурхон" кинотеатри) ташкил этиладиган катта байрам тадбири давомида шўх қўшиқлар ва рақслар янграйди, спорт мусобақалари, қизиқарли ўйинлар, халқ амалий санъати кўргазмаси, миллий таомлар тайёрланиш жараёнлари ва намойиши, халқ сайллари, кўрик-танловлар ўтказилади. Вилоятимиз ва республика санъаткорлари ҳамда татаристонлик санъат усталари иштирокида катта концерт дастури ҳам намойиш этилади.

Байрам тадбири соат 15:00 дан 19:00 гача давом этади.

Сабантуй – "шудгор байрами" - татарлар ва бошқирдлар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган, баҳорги дала ишлари тугашини билдирувчи халқ байрамидир. Сабантуй нафақат Россияда, балки бутун дунёда бўлиб ўтади. Ушбу байрам Татаристонда давлат байрамига, Россияда федерал байрамга ва дунёнинг кўплаб шаҳарларида расмий шаҳар байрамига айланган халқаро байрамдир.

Fergana.uz | Telegram | Facebook | YouTube | Facebook | Instagram | Twitter