Get Mystery Box with random crypto!

Сўхда вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди Бу | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Сўхда вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди

Бугун Сўх туман маданият марказида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан навбатдаги сайёр фуқаролар қабули ўтказилди.

Қабулда вилоят ҳокимининг шахсий қабулини сўраб мурожаат қилган сўхлик фуқароларнинг 85 та мурожаати вилоят ҳокимлигининг бўлимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, давлат ва тижорат банклари раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини соғлиқни сақлаш, шу жумладан даволанишга ҳамда юқори технологик амалиётлар ўтказишга кўмаклашиш, банк кредити ажратиш ва кредит қарздорлигини сўндиришга ёрдам бериш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бандлик, моддий ёрдам, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат хизматлари, шунингдек, маҳаллаларни ободонлаштириш, сув таъминотини яхшилаш каби масалалар, суд-ҳуқуқ ҳамда прокуратурага оид муаммолар ташкил этди.

Фуқаролар мурожаатларининг кўпи қабул чоғида ўз ечимини топди. Субсидия асосида уй-жой олган ҳамда кредит қарздорлигини сўндиришда қийналаётган бир гуруҳ аёлларнинг мурожаати бўйича ўрганиш ўтказилиб, ҳақиқатдан моддий жиҳатдан қийналаётган, аввалдан кредит қарздорлигини ёпиш бўйича моддий кўмак кўрсатилмаган фуқароларнинг бугунги кунга қадар бўлган қарздорлиги тўла сўндириб берилиши маълум қилинди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тумандаги юқори технологик тиббий амалиётга муҳтож эҳтиёжманд фуқаролар рўйхати шакллантириладиган ҳамда амалиёт харажатлари қоплаб бериладиган бўлди.

Ҳал этилиши учун муддат талаб этиладиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга қўшимча ўрганиш бўйича тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга доир масалалар ҳам жойида соҳа мутасаддиларига йўналтирилди.

Fergana.uz | Telegram | Facebook | YouTube | Facebook | Instagram | Twitter