Get Mystery Box with random crypto!

Тошлоқлик миришкорлар экспортбоп қовун навларини етиштирмоқдал | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Тошлоқлик миришкорлар экспортбоп қовун навларини етиштирмоқдалар

Тошлоқ тумани “Бесаранг” МФЙ аҳолиси азалдан қовунчилик билан шуғулланади. Ота-боболардан мерос анъана бугунги кунда замонавий мезонлар асосида ривожлантирилиб, иссиқхоналарда экспортбоп қовун навлари етиштирилмоқда.

Маҳалла раиси Дилмурод Қосимовнинг қайд этишича, айни пайтда мингдан ортиқ оиланинг аксарияти ўз томорқасида қовун экади. Инновацион ёндашув туфайли аҳоли томорқаларида иссиқхоналар ташкил этилиб, интенсив усулда қовун етиштириш яхши даромад манбаига айланди.

Деҳқончилик маҳалла “драйвер”и сифатида белгиланган бўлиб, миришкор томорқачилар йилига уч-тўрт маротабагача ҳосил олишади. Шунингдек, турли сабзавот ва резаворлар кўчатлари етиштириб сотиш маҳалла аҳлининг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.

- Қовун иссиқхонада очиқ майдонда етиштиргандан кўра бир ой олдин пишади, - дейди Ихтиёр Қамчиев. – Оиламиз қовун сотишдан бир йилда ўртача 50 миллион сўм даромадга эга бўлади. Йил давомида томорқадан яна камида икки маротаба ҳосил оламиз.

Акбарали Аҳмуллаев оиласи йилига 50-60 минг туп қовун кўчати сотади. Кўчат савдоси қовун етиштириш даромадидан кам эмас. Шунинг учун ҳам Аҳмуллаевлар маҳаллада томорқадан энг кўп даромад топаётган оилалар сирасига киради.

Бесаранг қовуни нафақат Фарғона водийсида, балки қўшни республикаларда ҳам машҳур. Шу боис экологик тоза маҳсулот МДҲ давлатларига экспорт қилиб келинмоқда.

Яқин кунларда бозорлар пештахталарини бесаранглик миришкорларнинг ширин қовунлари тўлдиради.

Тошлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Fergana.uz | Telegram | Facebook | YouTube | Facebook | Instagram | Twitter