Get Mystery Box with random crypto!

Жавпаяда янги ўзлаштирилган ерларда барпо этилган ўрикзорда ил | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Жавпаяда янги ўзлаштирилган ерларда барпо этилган ўрикзорда илк кўчатлар куртак ёзди

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари билан Сўх туманида бўлди

Туманнинг Жавпая массивида қўшимча ўзлаштирилаётган янги ер майдонларида 510 гектар майдонда интенсив ўрикзор ташкил этиш жараёнларини кўздан кечирган вилоят раҳбари, туман фаоллари билан мулоқот қилди.

Президентимизнинг фойдаланилмаётган ерларда ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш, бу ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни иш билан, даромад билан таъминлаш борасида топшириқларидан келиб чиққан ҳолда 2022 йил бошида ўзлаштиришга киришилган Жавпая массивида жами қарийб 1000 гектар ер фойдаланишга киритилмоқда.

Секундига 200 литр сув тортиш қувватига эга 5 та насосдан иборат станция ёрдамида Қалача ариғидан 426 мм диаметрли қувур билан 5 км тармоқ тортиб, 223 метр баландликка сув чиқариш ишлари якунланди. Бу мақсадда жами 21 миллиард сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан йўналтирилган.Вилоят ҳокими Жавпая насос станциясида бўлиб, амалга оширилган ишлар билан танишди. Станция, икки-уч кун ичида тўла қувват билан ишлашга бошлаши маълум қилинди.

Массивнинг юқори қисмида тоғлар бағрида эса ўрик боғи барпо этиш ишларига киришилди. Ҳозирги кунда биринчи босқичда 154 гектар ерга ўрик кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда, ҳовузлар барпо этилиб, томчилаб суғориш тизими ўрнатилди. Хориждан 37 минг тупдан зиёд ўрик кўчатлари келтирилиб, бугунги кунга қадар 56 гектарга экиб якунланди. Ташкил этилаётган янги ўрикзор, 50 сотихдан лотларга ажратилиб, маҳаллий аҳолига, ишсиз ёшларга ажратиб берилди. Экилган кўчатларнинг дастлабкилари куртак ёзиб улгурди. Яқин кунларда яна 300 гектардан зиёд ер ўзлаштирилади.

Ўрик қаторлари ораларига полиз экинлари, ошқовоқ, дуккакли экинлар, шунингдек фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатида муҳим ҳисобланган заъфарон етиштириш йўлга қўйилади. Сердаромад ҳисобланган заъфарон ўсимлигидан биринчи йил гектарига ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 1000 долларгача баҳоланади. Вилоят раҳбари, заъфарон туганак пиёзларини харид қилиш учун аҳолига имтиёзли кредит ҳам тақдим этилишини маълум қилди.

Хайрулло Бозоров ҳамда вилоятнинг бошқа раҳбарлари ер эгасига айланган сўхликлар билан бирга кўчат экдилар.

Қуръон тиловат қилиниб, давлатимиз равнақи, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, янги ўзлаштирилган ерлар ҳамда ташкил этилаётган боғлар серҳосил бўлиши, меҳнат қиладиганларнинг рўзғорларига барака киритиши борасида дуойи хайрлар қилинди. Яхши ниятлар билан, новвос сўйилиб, жонлиқ гўшти тумандаги кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

Ишлаш учун хорижга бормасдан, ўз уйларида яшаб меҳнат қилиш имкониятига ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлган сўхликлар, ўзларига бўлган алоҳида эътибор учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчиликларини изҳор қилишди.

Fergana.uz | Telegram | Facebook | YouTube | Facebook | Instagram | Twitter