Get Mystery Box with random crypto!

Бувайдалик меҳнаткаш оила ердан унумли фойдаланиб, даромадини | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Бувайдалик меҳнаткаш оила ердан унумли фойдаланиб, даромадини оширмоқда

Президент қарорига асосан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган майдони захирага қайтарилди. Бу ерлар полиз-сабзавотчилик, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга аукцион орқали ижарага берилди.

Бу имкониятдан Бувайда туманида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам унумли фойдаланмоқда.

Жов қишлоғилик Турсунали Қўзиев ўтган йили электрон-аукцион танловида қатнашиб, 45 сотих ер эгаси бўлди.

- Ер олганимиздан сўнг турмуш ўртоғим, ўғилларим ва келинларим иш билан банд бўлишди. Ўтган йили бу ерга эртанги маккажўхори, такрорий экинга эса сабзи ва ловия экиб, мўл ҳосил олдик. Турмуш тарзимиз илгаригига қараганда анча юксалди. Айниқса, ўғилларимнинг четга ишга бормай қўйгани бизни жуда қувонтирди - дейди Турсунали Қўзиев.

Меҳнаткаш ва тадбиркор бу оила жорий йил экин турини алмашлаб экишни режа қилишди. 30 сотих ерга қулупнай, 15 сотихига эса картошка ва помидор экдилар.

Айни пайтда қийғос гулга кирган қулупнай кўчатлари деҳқон қалб қўридан меҳр олиб баравж ривожланмоқда.

- Қишлоқ ёшлари ва аёлларига шундай имконият яратиб берган Президентимиздан миннатдорман. Ўғил-қизларим ишли бўлди. Хатто қўни-қўшни, маҳалладаги аёллар ҳам ҳашарга чиқишиб, бизга ёрдамлашяпти. Барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаряпмиз. Бу йил худо хоҳласа қулупнойдан мўл ҳосил оламиз. Даромадимиздан Ҳасанбойга уй қуришни, набираларга хатна тўй қилишни режа қилиб турибмиз - дейди оила бекаси Дилором Қўзиева мамнуният билан.

Берилган ушбу имкониятдан фойдаланиб ҳам оила даромадини ошириб, ҳам халқимиз дастурхонини тўкин бўлишида ўз ҳиссаларини қўшаётган бундай ибратли оилалар сони ортаверсин.

Бувайда тумани ҳокимлиги ахборот хизмати