Get Mystery Box with random crypto!

Осиё Кубоги-2023 учун энг зўр номзод бу — Ўзбекистон! Бу гап | Futgolium

Осиё Кубоги-2023 учун энг зўр номзод бу — Ўзбекистон!

Бу гапни ўзбекистонлик бўлганим учун эмас, шунчаки ҳамма фактлар шунга етаклаб келаётгани учун айтяпман. Вақт, фурсат, зўр бўлмаса-да мавжуд бўлган минимал шароит ва 2022 йилдаги репетицион турнирлар — мени шундай ўйлашга ундамоқда.

Биринчидан, вақт ва иқлим муаммоси. Хитойдаги мундиал ёзда ўтказилиши режалаштирилган эди. 2022 йил охиридаги мундиал сабаб 2023 йилнинг январь ва февраль ойларида ОКни ўтказиш мантиқан тўғри эмасди ҳам. Аммо “чин юрти”нинг мезбонликни бекор қилиши ортидан ОФК жиддий муаммога дуч келмоқда. Қитъамиз футболи маъсуллари ёзда футбол ўйнаб бўладиган, тайёр инфратузилмага эга мамлакатни аҳтараётган бўлса ажабмас. Жанубий Корея ва Япония вариантлари бор, аммо уларда ҳам карантин чекловлари юз бериши мумкинлиги айтилмоқда. Таиланд, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатларда ёзда футбол ўйнаш осон иш эмас. Ғарбий ва Жанубий Осиёни-ку гапириш шарт эмас.

Иккинчидан, инфратузилма борасида ҳам бош қотириш керак бўлмоқда. Ўзбекистон бу тарафдан Осиёда ТОП-10ликка даъво қилмайди, бироқ форс-мажор ҳолатда ўртача даражадаги стадион ва меҳмонхоналар хизматидан фойдаланиб турса бўлади назаримда. Турнирнинг ўтказилиш муддати ўзгариб, бутун бошли Осиё мамлакатларининг ички чемпионатлари, шунингдек ОФК байроғи остида ўтадиган ОЧЛ ва ОФК Кубогидаги режаларнинг бузилишидан кўра, ўртамиёна мамлакатда бўлса ҳам турнирни эсон-омон ўтказиш яхшироқ вариант менимча. Минимал имкониятдан максимал фойдаланадиган "момент" ҳозир.

Учинчидан, Ўзбекистон 2022 йилнинг ўзида 3та турнир орқали синовдан ўтказилади. ОФК қарорига кўра, 23 ва 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга берилган. Шунингдек, Осиё Кубоги-2023 “C” гуруҳ саралаш ўйинлари ҳам мамлакатимизда ўтказилади. Ушбу турнирдаги ўйинлар июнь, июль ва сентябрь ойларига белгиланган. Демак, иқлимимиз осиёликлар учун муаммо туғдирмайди. Мавжуд стадионлар, машғулот майдонлари, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам катта турнир олдидан “имтиҳон”дан ўтказилиши мумкин.

Балки, мен кўрмаётган тўртинчи ва бешинчи сабаблар ҳам бордир. Балки, юқоридаги фикрларга контр-фактлар ҳам етарлидир. Нима бўлганда ҳам, қийин пайтда ОФКга ўз ёрдамимизни таклиф этишимиз ва бунинг эвазига Тошкент, Наманган ва Қарши шаҳарларида бир ойлик катта футбол фестивалини ўтказишимиз мумкин. Энг аввало — хоҳиш.

Каналга уланиш @Futgolium