Get Mystery Box with random crypto!

​Либосдаги харита. Клуб янги либосини оддий мухлис ўйлаб топга | Futgolium

Либосдаги харита. Клуб янги либосини оддий мухлис ўйлаб топгани ҳақида

Бразилияда “Атлетико Минейро” деган клуб бор. Балки, эшитгандирсиз. Ўша клуб 2021/22 йилги мавсум учун либосини тақдим этди. Хўп, нима бўлибди дерсиз? Қизиғи шундаки, бу либослар тўпламини оддий мухлис ўйлаб топган.

“Атлетико” кетма-кет иккинчи йил мухлислар ўртасида клуб либоси учун махсус танлов ўтказиб келмоқда. Исталган киши ўз эскизини юбориши мумкин. Улар ичидан энг яхшисини эса мухлисларнинг ўзи танлайди. Ташкилотчилар бу йилги танловда 559 турдаги дизайнни қабул қилди. Улардан 13 таси эса финалга йўл олди. Овоз берувчилар сони эса 60 мингга яқин кишини ташкил қилди.

Ғолиб эса Лукас Адриано исмли йигит бўлди. Айнан унинг лойиҳаси спорт либосларини ишлаб чиқарадиган Le Coq Sportif компанияси эътиборини ҳам ўзига торта олди.

Либоснинг асосий қисмидан Минас-Жерайс штати харитаси ўрин олди. “Атлетико” эса ушбу штатдаги Белу-Оризонти шаҳри жамоаси ҳисобланади.

Либоснинг орт қисмида қизил учбурчак шакли ўрин олган. Бу эса штат байроғини ўзида акс эттирганлигини англатади. Либоснинг пастки қисми ўнг тарафида 113 рақами ҳам акс этган. Бу эса клубнинг 113 ёшда эканлигини англатади. Либосдаги хўроз шакли эса Le Coq Sportif компанияси рамзи ҳамда “Атлетико” тимсолидир. Клубнинг лақаби ҳам “хўрозлар”.

Мухлислар ушбу либослар тўпламини кўтаринкилик билан кутиб олди. Бир сутка ичида ушбу футболкалардан 35 мингтаси сотилиб кетди.

Хуллас, мухлисларга ҳам мана шундай ишонч билдиридаган клублар кўпаяверсин деб қоламиз. Зеро футбол биринчи навбатда мухлислар учун ўйналади.

Каналга уланиш https://t.me/joinchat/csS83QbVtskzNDE6