Get Mystery Box with random crypto!

'ЎҒИЛ КЎРСАМ ИККИТА ҚЎЙ СЎЯМАН' ДЕЙИЛСА, НАЗР ҲИСОБЛАНАДИМИ? # | Fotiha.Uz

"ЎҒИЛ КЎРСАМ ИККИТА ҚЎЙ СЎЯМАН" ДЕЙИЛСА, НАЗР ҲИСОБЛАНАДИМИ?
#назр


Тўртта қизим бор. Яна фарзанд кутаяпмиз. Ўғил фарзанд берса, 7 кунлигида иккита қўй сўяман, деб ният қилганман. Мана шу ниятим ақиқага кирадими ё назрга кирадими? Назр ҳақида менда билим йўқ. Назр қилинса, назр қилган одам ея олмас экан, оила аъзоларичи?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бир ишни талаффуз қилмасдан ният қилишнинг ўзи билан назр бўлиб қолмайди. Лекин овоз чиқариб, “Агар ўғил кўрсам, Аллоҳ йўлида иккита қўй сўяман”, дейилса, бу назрга айланади.

“Назр” луғатда, яхшилик ёки ёмонликка ваъда қилишни билдиради. Унда огоҳлантириш маъноси бордир. Яъни, киши бирор ишни қилишини, албатта лозимлигини ўзига огоҳлантириш бўлиши учун назр қилади. Шариат истилоҳида эса, аслида шаръан лозим бўлмаган, балки қилиш қилмаслик ихтиёрли бир ишни маълум лафзлар билан ўзига лозим қилиб олишни, назр, деб аталади. “Баҳрур Роиқ” китобида шундай келган: “Назрнинг рукни назрга далолат қилувчи сийға, яъни сўздир. Унинг шарти эса, оқил ва балоғатга етган бўлишдир” (4-жуз, 300-бет).

Назр мутлоқ ёки муқайяд бўлиши мумкин. Масалан, кишининг “Аллоҳ учун зиммамда фалон иш бор”, “Зиммамда назр бор”, “Молим садақадир” ёки “Агар фалон ишни қилсам ҳаж қилиш, умра қилиш зиммамга лозим бўлсин, “Беморлигим тузалса, фалон ракъат нафл намоз ўқийман, нафл рўза тутаман” ва бошқа шу каби зиммага лозим бўлишни ифода қилувчи лафзларни айтишга ўхшаш. Омма халқ орасида “Агар фарзанд кўрсам, Аллоҳ йўлида фалон сўм садақа қиламан, жонлиқ сўяман” ёки “Агар фалон ишим амалга ошса, фалон кун рўза тутаман” каби жумлалар билан назр қилиш кўп учрайди. “Агар мана бу ишим амалга ошса, жонлиқ сўяман”, деб назр қилганда назр қилувчи хоҳ бой бўлсин, хоҳ фақир бўлсин сўйиладиган жонлиқнинг гўштидан еёлмайди.

Бу ҳақда “Табйинул Ҳақоиқ” китобида қуйидагича келган: “Агар жонлиқ сўйишни назр қилган бўлса, назр қилувчининг ўзи ҳам емайди ва нисобга қодир бўлган кишиларга ҳам унинг гўштидан едиролмайди. Бунинг йўли фақирларга садақа қилиш бўлиб, садақа қилувчи ўз садақасидан ўзи ҳам емайди бой кишиларга ҳам едира олмайди”, дейилган. (6-жуз, 486-бет, Қурбонлик китоби) “Баҳрур Роиқ” китобида эса: “Назр қилувчи назр қилинган жонлиқ гўштидан отасига ва бобосига улар қанча юқори бўлса ҳам, фарзандига ва фарзандининг болаларига улар қанча паст бўлса ҳам едира олмайди”, дейилган. (2-жуз, 425-бет, Закот китоби).

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, назр қилувчининг ака-укалари ёки бошқа қариндошлари нисобга қодир бой кишилар бўлса, улар ҳам емайди. Фақир бўлсалар, уларга бериш жоиз эканлиги маълум бўлади.

Хулоса шуки, саволдаги “Аллоҳим ўғил фарзанд берса, етти кунлик бўлганида иккита қўй сўяман”, деб ният қилишнинг ўзи билан назр бўлмаган. Шунинг учун Аллоҳ насиб қилиб фарзанд кўрсангиз молиявий имкониятингиздан келиб чиқиб иш қилсангиз мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.


@FotihaUz