Get Mystery Box with random crypto!

#Гуноҳи кабиралар Тақдирни рад этиш Аллоҳ таоло айтади: | Fotiha.Uz

#Гуноҳи кабиралар

Тақдирни рад этиш

Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар сураси, 49).
Ибн Жавзий тафсирларида бу оятнинг нозил бўлиш сабаби хусусида икки хил гап борлигини айтганлар: Биринчиси, Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тақдир ҳақида тортишганлар.
Шунда мазкур оят нозил бўлган (Муслим ривояти). Абу Умома розияллоҳу анҳу: «Бу оят қадариялар хусусида», деганлар.
Иккинчиси, Нажрон епископи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, гуноҳлар ҳам тақдир-қадар билан содир этилади, деб даъво қиласан. Бундай эмас-ку», деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди:
«Албатта, жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилур). Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов-қадар билан яратдик» (Қамар сураси, 47–49).
«Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку!» (Вас-соффот сураси, 96).
Ибн Жарир айтганларки, бу оятни икки хил тушуниш мумкин. Аллоҳ сизларни ва амалларингизни яратган ёки Аллоҳ сизларни ва ясаб олган бутларингизни яратган. Бу оят бандаларнинг ишлари махлуқ эканига ҳужжатдир. Аллоҳу аълам.
«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган Зотга қасамки...» (Ваш-шамс сураси, 8). Саид ибн Жубайр айтганлар: «Аллоҳ нафсга фужурини ҳам, тақвосини ҳам юклаб қўйди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Қадар-тақдир йўқ, ишлар энди содир бўлади – улар тақдир қилинмаган», деб даъво қиладиган қавм ҳақида:
«Агар уларга йўлиқсанг, мен улардан бегоналигимни, улар мендан бегона эканликларини уларга айтиб қўй. Мабодо улардан бирининг Уҳудчалик тилласи бўлса-ю, уни инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ уни қабул қилмайди», дедилар-да, сўнг Жаброил алайҳиссалом ҳадисини зикр қилдилар.
Жаброил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Иймон нима?» деб сўраганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига, яхшилик ва ёмонлик қадардан эканига ишонмоғинг!» дея жавоб берганлар (Муслим ривояти).

Яқинларингизга ҳам улашинг!

Каналга уланиш
@FotihaUz