Get Mystery Box with random crypto!

РАСМИЙ МУНОСАБАТ Ижтимоий тармоқларда “Уйимизни сел босиб, бую | FORISHLIKLAR 🇺🇿 | Расмий канал

РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда “Уйимизни сел босиб, буюмларимиз яроқсиз ҳолга келган. Жиззах вилояти Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоғидан мурожаат қиляпман. 2022 йил 20 апрель куни қишлоғимизда табиий офат рўй берди. Уйимни сел босиб, катта зарар кўрдик. Ҳозирда уйимда яшашнинг иложи йўқ, буюмларимиз, кийим-кечакларимиз яроқсиз ҳолга келган. Болаларим билан кўчада қолдик. Ҳокимият уй масаласида ёрдам берса, миннатдор бўлардик” деган хабар тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу хабар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, ушбу мурожаат эгаси “Эгизбулоқ” маҳалласида яшовчи Шерзод Усмонов эканлиги аниқланди. Мурожаатга қўшиб жойланган фото суратлар 2022 йил 20 апрел куни сел оқими тугагандан кейинги олинган суратлар экани маълум бўлди.
2022 йил 20 апрель куни “Эгизбулоқ” маҳалласи ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида маҳаллага туташадиган Узунбулоқ, Аришлисой, Тангисой, Тошбулоқ, Саритол каби сойлардан оқиб келган ёмғир сувлари кучли селга айланди. Уйларни вайрон қилди. 5 нафар фуқаронинг бевақт ўлимига сабаб бўлди.
Юзага келган табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида вилоят раҳбари бошчилигида штаб ташкил этилди. Фавқулотда вазиятлар, ички ишлар ходимлари, вилоят ва тумандаги барча корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ишчи-хизматчилари, маҳаллалар аҳолиси табиий офат оқибатларини бартараф этишга сафарбар этилди. Республикамизнинг турли вилоятларидан, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан, йирик саноат корхоналаридан, озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, маиший техника воситалари, қурилиш материаллари ортилган гуманитар ёрдам юклари “Эгизбулоқ” маҳалласига етиб келди. Ушбу гуманитар ёрдам мунтазам равишда табиий офатдан талофат кўрган маҳалла аҳолисига тарқатилмоқда.
Табиий офатни бартараф этишни ташкил этиш штаби томонидан селдан зарар кўрган барча уй-жойлар ҳолати ўрганиб чиқилди. Кимга янги уй қуриш керак, қисман зарар кўрган яна кимларни уй-жойини таъмирлаш керак барчасига аниқлик киритилди. Таъмирлаш лозим бўлган 96 та уй-жойларга яшашга яроқлилиги, реконструкция қилиш юзасидан визуал тартибда Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг хулосаси олинди. Жумладан, мурожаатчи Шерзод Усмоновнинг уй-жойига ҳам визуал тартибда реконструкция қилиш юзасидан Жиззах вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг реконструкция қилиш бўйича хулосаси берилган.
Реконструкция қилинадиган 96 та уй-жой ва янгидан қуриладиган 20 та уй-жой учун ҳукуматимиз қарорига асосан давлат бюджетидан маблағ ажратилмоқда. Реконструкция қилинадиган уй-жойлар ичида Шерзод Усмоновга тегишли уй-жой ҳам бор. Шерзод Усмонов уй-жойини реконструкция қилинишига норозилик билдириб, янги уй-жой қуриб беришни талаб қилмоқда. Айни кунда маҳаллада уй-жойи мутлақо яроқсиз деб топилган 20 та оилага 20 та уй-жой қурилиши бошлаб юборилган. Шерзод Усмонов оиласи билан вақтинчалик яқин қариндошлариникида истиқомат қиляпти.
Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш борасида эзгу хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай экан, ким бўлишидан қатъий назар ҳеч ким меҳр-эътибор ва ғамхўрликдан четда қолиб кетмайди.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

@FORISHLIKLAR