Get Mystery Box with random crypto!

Болангиз ўқишга кирибди! Яхши гап тотлидир қанддайин, Эл ичра | ABITURIYENTLAR FIZIKASI VA MATEMATIKASI

Болангиз ўқишга кирибди!

Яхши гап тотлидир қанддайин,
Эл ичра хушхабар юрибди,
Сир бермай турибсиз қандайин,
Болангиз ўқишга кирибди?!

Эшитдик, кўп бўлманг камтарин,
Нишонни бехато урибди.
Э қойил!
Тасанно!
Офарин! 
Болангиз ўқишга кирибди!

Ким дейди:
"Ўзи зўр бола-да",
Ким юзин, ким лабин бурибди...
"Олманинг тагига олма... "-да,
Болангиз ўқишга кирибди!

Ким сотган молингиз санаган,
Ким дейди:
"Қанча пул берибди?!"
Қандай зўр бахт ота-онага,
Болангиз ўқишга кирибди!

Саннасин мияси айниган,
Ҳар кимса экканин ўрибди.
"Бюджет"ми... "контракт"... майлига,
Болангиз ўқишга кирибди!

Эл аро ёруғдир юзингиз,
Файзингиз ярашиб турибди.
Даврада янгроқдир сўзингиз,
Болангиз ўқишга кирибди!

Барака топгайсиз ўғилдан,
Худойим ташвишдан қўрибди.
Қиз бўлса, совчилар ёғилгай,
Болангиз ўқишга кирибди!

У бугун ҳақиқий қаҳрамон,
Меҳнатин роҳатин кўрибди.
Нафидан эл бўлгай баҳраманд,
Болангиз ўқишга кирибди.

Ҳавасда қариндош, ўзга ҳам,
Ҳасадгўй тошини терибди...
Юқсин-юқсин,  деймиз бизга ҳам,
Болангиз ўқишга кирибди.