Get Mystery Box with random crypto!

#ҲАДИС Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу | Fitrat.uz

#ҲАДИС

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

Бу зот: «Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, мен очликдан жигаримни ерга қўйиб ётар ва қорнимга тош боғлаб маҳкамлаб юрар эдим. Кунларнинг бирида кишилар юрадиган йўлда ўтирдим.

Ногаҳон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтиб қолдилар. Мени кўриб, кулиб қўйдилар. Ҳамда юзимдаги хафалик ва нафсимдаги очликни билиб: «Эй Або Ҳирр» (Абу Ҳурайранинг қисқартмаси), дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!», дедим. У зот: «Менга эргаш», дедилар. Мен у зотга эргашдим.

У зот уйларига кириб, изн сўрадилар. Кейин менга изн бердилар. Мен ичкарига кирсам, у зот қадаҳда сут топдилар. Ва: «Бу сут қаердан келди?» дедилар. Улар: «Фалончи киши ёки фалончи аёл ҳадя қилди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Аҳли суффа ҳузурига бориб, уларни менинг ҳузуримга олиб кел», дедилар.

Аҳли суффа Ислом меҳмонлари эди. Уларнинг аҳли аёллари, мол-дунёлари ва суянадиган кишилари йўқ эди. Агар бирор садақа келадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани емасдан ўшаларга юборардилар. Агар ҳадя келадиган бўлса, уларга ҳам жўнатардилар ҳамда ўзларига олиб қолиб, уларни бунда шерик қилардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чақиртирганлари мени бироз хафа қилди. Дилимда: «Бу сут Аҳли суффага нима ҳам бўларди? Бу сутдан бир ҳўплам ичиб бўлса ҳам, бироз куч тўплашга мен ҳақлиман», дедим.

Улар келишганида, у зот менга амр қиладилар. Мен эса уларга сутни тортиқ қиламан. Бу сутдан менга нима тегади? Энди мен учун Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилишдан бошқа чора йўқ эди. Кейин уларнинг ҳузурларига бориб, чақириб келдим.

Улар келиб киришга изн сўрашди. Изн берилган эди, уйнинг ичидан ўз ўринларини топишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. У зот:
«Мана буни олиб, уларга тортиқ қилгин», дедилар.

Абу Ҳурайра: «Мен сути бор қадаҳни олиб бир кишига узатдим. У ичиб тўйди. Кейин қадаҳни бошқасига узатдим. У ҳам ичиб тўйди. Ҳаттоки Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб тўхтадим. Қавмнинг барчалари ичиб тўйишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадаҳни олиб қўлларига қўйдиларда, менга қараб табассум қилиб: «Эй Або Ҳирр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!», дедим. У зот: «Ичмаган мен ва сен қолдик, холос», дедилар. Мен эса: «Тўғри гапирдингиз эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

У зот: «Ўтириб ичгин», дедилар. Мен ўтириб, у сутдан ичдим. У зот: «Ичгин», дедилар. Мен у сутдан яна ичдим. У зот: «Ичгин», деб айтишда бардавом бўлдилар, мен эса: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни ичиш учун бошқа жой қолмади», дедим. Шунда у зот: «Уни менга узатгин», дедилар. Мен қадаҳни узатган эдим, у зот Аллоҳга ҳамд айтиб, «бисмиллоҳ»ни зикр қилиб, сутнинг қолганини ичиб қўйдилар.


Имом Бухорий ривоятлари.

Дўстларингизга ҳам улашинг
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA