Get Mystery Box with random crypto!

#МУТОЛАА_ВАҚТИ * * * Бир куни Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ро | Fitrat.uz

#МУТОЛАА_ВАҚТИ

* * *

Бир куни Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) роҳатсизландилар. Байроқни Ҳазрати Абу Бакрга (р.а.) бердилар, унинг қўмондонлигида жанг қилинди. Натижа чиқмади. Эртасига байроқ Ҳазрати Умарга (р.а.) берилди, яна аҳвол ўзгармади. Кейин ансорлардан бирига берилди, яна бўлмади. Олтинчи куни оқшомида Жаноби Саййидул анбиё (с.а.в.) бундай ният қилдилар:
— Байроқни эртага шундай бир кишига бераманки, у Оллоҳни ва иайғамбарини севади, Оллоҳ ва пайғамбари ҳам уни севади. Оллоҳ унинг қўли билан фатх насиб этажакдир, — дедилар.

Бу сўзлар мусулмонлар орасида буюк бир ҳаяжон қўпишига сабаб бўлди. Ким экан у толеъли?.. Ҳар ким бу ерга Оллоҳни ва расулини севгани учун келган, лекин Оллоҳга ва расулига севимли бўлиш... бундай бир соадатга номзод бўлишни истамайдиган одам бормикан?..

Кечаси билан зеҳнлар шу ўй билан банд бўлди. Тонгда уйғонилганида илк хаёлга келгани яна шу ўй бўлди. Ўзига вазифа берилишини умри давомида борйўғи икки дафъа жуда орзуқилган Ҳазрати Умар бир боқишдаёқ кўзга ташланиб турадиган йирик гавдасига қарамай, борлигини сездириш мақсадида яна олд сафга туриб олиб кутарди.

Ниҳоят, Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) чодирларидан чиқиб келдилар. Ўша атрофда ҳозир бўлганларни кўздан кечирдилар ва:
— Али қаерда? — дедилар.
Қалбларда жўш урган хаяжонлар бир ондаёқ сув сепилгандай босилди. Тонгга қадар зеҳнларни чулғаб турган масала — толеъли инсоннннг ким эканлиги масаласи ҳал бўлди.
— Эй Оллоҳнинг расули, Али кўзларидан нолияпти, кўзлари оғрияпти, — дейишди.
— Чақириб келинглар.

Ҳазрати Алини (р.а) кўзи ожизларни етаклагандай қўлидан тутиб олиб келишди. Жанобимиз туфукларидан пича олиб унинг кўзларига суркадилар ва дуо қилдилар. Бир онда кўзлари очилди. Беркилиб паришон ҳолга келган кўзлар худдики бу кўзлар эмасди. Ва яна,келгусидаги ўттиз йилдан мўл ҳаёти бўйича ҳам у кўз оғриғи нималигини билмай ўтажак.

Байроқ унга топширилди, чекинмасдан олға босишга ва жанг қилишга амр этилди. Ҳазрати Али (р.а.) бир неча одим юриб тўхтади, орқасига қарамай:
— Улар билан нима учун урушаман, ё Набийаллоҳ? — дея сўради.
— Улар билан токи «Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Муҳаммад Оллоҳнинг расулидир», дея гувоҳлик бермагунларича жанг қил. Агар гувоҳлик келтирсалар, молларини, жонларини қутқарган бўладилар. Фақат Исломнинг ҳаққи қолади. Ҳисоблари эса, Оллоҳга оиддир. Тўғри уларнинг олдига бор. Исломга даъват қил. Оллоҳ таолонинг ҳаққини уларга хотирлат. Қасам ичаман, сенинг қўлинг билан бир инсонни Оллоҳ ҳидоятга солиши сен учун қирмизи туяларга молик бўлишингдан ҳам хайрлидир, — дедилар. (Муслим, 4/1872.)

Ҳазрати Али аскарлари билан бирга яҳудийларнинг қўрғони сари юрди. Жаноби Расулуллоҳнинг (с.а.в.) амрларини бажо келтириш учун уларни Исломга даъват қилди. Лекин фойдаси бўлмади.

Ҳайбар аҳли қалъадан ташқари чиқиб, мусулмонларга ҳужум қилишди. Зубайр ибн Аввом билан Абу Дужона арслонлар каби жанг қилишарди. Бир пайт Зубайр ўзи савашиб турган яҳудийга Ҳазрати Алининг ҳамла қилмоқчи бўлаётганини кўриб қолди ва:
— Оллоҳ ҳаққи, орамизга кирма! — деб уни нари кетказди ва душманига қайтадан хужум қилди. Бир неча ҳамлалардан кейин ҳалиги яҳудий қонлар ичида ерга чўзилди. Ҳолбуки, у ҳайбарликларнинг умидишончи ва ҳурмати баланд, Ёсир исми билан машҳур йигитларидан эди.

Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA