Get Mystery Box with random crypto!

#Хушхабар «Имом ал-Бухорий» жоме масжиди очилди Куни кеча юр | Fitrat.uz

#Хушхабар

«Имом ал-Бухорий» жоме масжиди очилди

Куни кеча юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллик шодиёналари катта байрам қилинди. Айни кунларда ҳам байрам шукуҳи Ватанимизнинг ҳар бир ҳудудида кезиб юрибди.
Табиийки, тўйга тўёна қилиш – халқимизга хос қадим қадрият.

Шу анъанага мувофиқ, бугун, 2 сентябрь – жума куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Бўзсув қишлоқ фуқаролар йиғини “Чинор” маҳалласи ҳудудидаги “Имом ал-Бухорий” жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвуддин домла Нортожиев, мутасаддилар, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар иштирок этди.

Намозхонлар сафи кенгайиши туфайли масжиднинг эски биноси анча торлик қилиб қолган эди. Шу боис 2020 йил март ойида масжиднинг эски биноси бузилиб, ўрнига янги бино қурила бошланди. Масжиднинг пойдеворига илк ғиштни Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби, марҳум Хайрулла домла Турматов қўйиб берган эди.

Масжиднинг эски хонақоҳи 250 кишини ўз бағрига сиғдира олар эди. Янги бинода эса 800 киши, қўшимча бинолар билан мингдан зиёд намозхон бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. Жоменинг гўзал минораси атрофга кўрк бағишлаб турибди.

Янги жомега монанд тарзда таҳоратхона ҳам қайта қурилди. 25 киши бир вақтнинг ўзида покланиши мумкин.

Қоровулхон, ошхона, мутавалли хонаси, имом-хатиб хонаси ҳам қурилди. Иккинчи қаватдаги залда намозхонлар китоб мутолааси билан шуғулланишлари мумкин.

Масжидга қўшимча даромад келтириш мақсадида дўкон, сартарошхона ҳам фаолияти йўлга қўйилди.

Аллоҳ таоло янги масжидни ҳар жиҳатдан обод қилсин. Бу байтнинг қурилишида ҳиссаси қўшилган барча азизларимиздан Ўзи рози бўлсин.

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA