2022-08-25 21:09:22
Ишқ Ишқ - порлоқ юлдуздир, башарият кўзининг нуру зиёси шундан.
Ишқ - товланиб турувчи гавҳардир - инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан.
Ишқ - толеъ қуёшидир, қайғули диллар тиканзори ундан гулшан.
Ишқ - балқиб турган тўлин ойдир, қоронғи кўнгиллар кечаси ундан равшан.
Ишқ - кенг денгиздир, ҳар тўлқини юз ақлу ҳуш кемасини ғарқ қилади.
У баланд тоғдир, ҳар чўққисининг ўткир қирраси минг зуҳд-тақво эгасининг бошини учиради.
Ишқ - куйдурувчи шуъладир, кўпкина жон ва кўнгилларни хашакдек ёқади.
Ишқ - алангали чақмоқдир, кўпкина жону дилларни ёлқини билан кул қилади.
Ишқ - аждарходир, оламни дамига тортмоқ унинг тилаги.
Ишқ - қаҳирли подшохдир, олам аҳлини ёппасига қирмоқ унинг мақсади, у ҳар қанча қон тўккани билан зерикмайди, у ҳар қанча одамни қон қилса ҳам қониқмайди.
Ишқ - яшиндир, ақлу дин хирмонини куйдиради, у бўрондир, куйганларнинг кулини кўкка совуради.
Ишқ - шунчалар қайсарки, унинг олдида подишоҳ ҳам, гадо ҳам тенг, у шундай зулумкорки, унинг қошида ифлос-фосиқ ҳам, покдил ошиқ ҳам бир… Дунё бозорининг ғавғоси ва дунёда бор ҳамма нарсаларнинг савдохонасидаги шовқун-сурони - ишқ туфайлидир…
Алишер Навоий
@feruzbek_abdunazar
69 viewsferuzbek abdunazar, 18:09