Get Mystery Box with random crypto!

Алишер Қодиров vs Дониёр Ғаниев: баттл давом этади Яқинда икк | Файзбоғ (ТемурМалик)

Алишер Қодиров vs Дониёр Ғаниев: баттл давом этади

Яқинда икки депутат — Миллий Тикланиш партия раиси Алишер Қодиров ҳамда Ўзлидеп партия аъзоси Дониёр Ғаниев ўртасида кичик тортишув бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик. Баттл шу нуқтада тўхтаб қолгани йўқ, ҳар икки депутат бугун ўзининг телеграм саҳифасида мавзуни давом эттириб қўйишди.

Адишер Қодировнинг фикрича, ўзбек халқини тенг ва бир хил обод ҳаёт таъминоти ҳақидаги баландпарвоз ва ёлғон ваъдалар билан бошини қотириб, якунда ўзи ҳам, ғояси ҳам йўқ бўлиб кетган совет социализми хулосалар учун етарли бўлиши керак.

«Такрор айтаман, инсон яхши яшашига халақит берадиган муаммоларни енгиб ўтиши керак. Истаса, давлатни, истаса, ота-онасини, истаса, бутун дунёни айбдор деб билсин: бой берилган ҳаёт уникидир! Инсон қаерда ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ҳаракати, билими ва ҳунари билангина мақсадига эришади. Ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам бутун дунёда давлатнинг қарамоғида бўлиши муҳокама мавзуси эмас. Мен Ўзбекистонни ўзбек халқининг инсонпарвар қадриятларига садоқатли бойлари кўп, ижтимоий давлат сифатида тасаввур қиламан», — дея ёзади Алишер Қодиров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 24 июль куни Telegram каналида баҳсли мавзуга оид пост қолдирди. Унинг ёзишича, камбағалларга нисбатан дискриминация эмас, ҳамдардлик ва қўллов керак.

«Бир пайтлар хориждаги мигрантларимиз "дангаса, ношукр" деб аталиб, улардан жирканиш сиёсати тарғиб қилинганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шукурки, ҳозирда давлат позицияси бу борада 180 градус ўзгарган. Бугун ҳатто давлат раҳбари ҳам мигрантларни дангаса деб эмас, балки замонамиз қаҳрамонлари сифатида эътироф этмоқдалар. Лекин, афсуски, баъзи фикр эгалари (ўзлари билиб-билмайми?) ҳалиям ўтган эпохадаги каби иқтисодий ночор қатламларни камситувчи, уларга нисбатан нотўғри қарашларни шакллантирувчи апорофобик сиёсат тарафдори эканини кўриш ачинарли», — дейди депутат.

Унинг қўшимча қилишича, мамлакат аҳолисининг 14 фоизини (5 млн фуқаро) ёппасига ҳаракатсизлик, масъулиятсизликда айблаб, уларни ўз шароитларига лойиқ, деб ҳисоблаш апорофобик (қашшоқлик ёки камбағал одамларга нисбатан кучли антипатия ёки нафрат) дискриминациянинг энг классик кўриниши ҳисобланади.

«Хавотирлиси шуки, жамиятда бу каби дискриминация, стереотипларнинг шаклланиши нафақат ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликларни янада кучайтириши, балки камбағал аҳоли қатламининг «қашшоқлик тузоғи»дан чиқиб кетишини ҳам қийинлаштиради. Хайриятки, бу каби жамиятни бўлувчи сиёсий қарашдагилар ҳокимият тепасида эмас. Бугун камбағалликни қисқартириш, энг аввало, инклюзив ижтимоий сиёсатни илгари суриш, камбағал аҳолига сифатли ижтимоий хизматларда (таълим, тиббиёт) кенг фойдаланиш имкониятини яратиш орқали эришилишини ҳукумат яхши англаб етган», — деб ёзади у.

Дониёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, иқтисодий жиҳатдан ночор фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш, барчага ўз потенциалини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш давлат раҳбарининг сайлов дастурида энг асосий йўналишларидан бири сифатида акс этгани ҳам бежиз эмас.

«Шу билан бирга, камбағал фуқароларга нисбатан камситишларнинг олдини олишда давлат билан жамият ҳам бирдек масъул эканини унутмаслигимиз керак. Бунда камбағаллик билан боғлиқ стереотипларга қарши туриш, шунингдек, жамиятнинг бошқа вакиллари орасида камбағал шахсларга нисбатан ҳамдардлик ва тушуниш (эмпатия)ни ёйиш муҳим. Зеро, жамиятдаги турли иқтисодий қатламлар ўртасидаги ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарорлик ҳаммамизнинг фаровонлигимиз учун керак», — дейди парламент депутати.

@fayzboguz