Get Mystery Box with random crypto!

Сиёсатдаги зиддият шундан иборатки, кўпчилик ўзини ўнг деб кўр | Файзбоғ (ТемурМалик)

Сиёсатдаги зиддият шундан иборатки, кўпчилик ўзини ўнг деб кўришни ва кўрсатишни истайди, лекин кўпроқ сўлроқ давлатда муқим яшашга интилади. Мисол учун, 2015-16 йилларда тахминан бир миллиондан ортиқ сурияликлар ва ироқликлар Европага йўл олди. Бу худди одамлардан иборат дарёни эслатарди. Ўша сурияликлар ва ироқликлар Саудияга эмас, Европага йўл олган эди. Туркияда ҳам қолишни истамади. Италияда ёки Францияда ҳам қолишни унчалик хоҳламади. Улар Англияга интилди, кейин Германияга, сўнгра Швеция ва Норвегияга...

Инсон ҳар доим ўзининг қадр-қимматини имкон қадар юқори баҳолашга ҳаракат қилади. Давлатларда ўнглар ва сўллар ўртасида кучли рақобат ва мувозанат бўлиши керак. АҚШ ҳокимияти шундай ташкил қилинганки, Республикачилар ва Демократлар ҳеч қачон сурункасига уч марта президент бўла олмайди. Доим алмашиб туради. Германияда Меркел опа ўнгроқ эди, бугун Шольц ака – сўл. Скандинавия давлатларида кўпроқ сўллар. Шунинг учун бу давлатлар энг фаровон. Англия ҳокимиятида консерваторлар кўп ўтиради, лекин бу консерватизмни ичида либерализм яшайди.

Ўзбекистонда ўнглар ва сўллар йўқ. Чунки, бизда фақат давлат бор, ҳукумат бор, унинг куч ишлатар болға ва болталари бор. Партиялар йўқ. Давлат берса – одамлар олади. Бермаса, чидаб яшайверади. Ўзбекистон дунё қандай ривожланаётганини яхши билади. Лекин бу ривожланиш учун халққа эркинлик беришга келганда, ўйланади, хавотирланади, қўрқади, ва натижада – қўрқитади.

Ўзбекистон ҳам ривожланиш учун эркинлик беришни ўйлайди, ният қилади. Лекин, фақат бугун эмас. Бугун кеч бўлиб қолди, эртага ўйлаб кўрармиз, ёки индингами...

Камолиддин Раббимов

@fayzboguz