Get Mystery Box with random crypto!

​​Россия босқини муваффақиятсизликка учрагани тан олинмоқда. Р | Файзбоғ (ТемурМалик)

​​Россия босқини муваффақиятсизликка учрагани тан олинмоқда. Руслар ўз ҳудудини ҳимоя қила оладими?

Россия «Махсус ҳарбий операция»си муваффақиятсизликка учрагани кун сайин ойдинлашиб бормоқда. Унинг илк мақсадлари Украинани нацистлардан озод қилиш, қуролсизлантириш, нейтрал статусга қайтариш, шунингдек, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» аҳолисини «ҳимоя» қилиш эканлиги эълон қилинган эди. Аммо айни дамда Россия ўз мақсадларига эришиш тугул, ҳатто ўз ҳудудини ҳам турли ҳарбий ҳужумлардан ҳимоя қила олмай қоляпти.

3 кун ичида Киевни босиб олишни режалаштирган Кремл устида дронлар айланди (гарчи Украина томон расман тан олмаган бўлса-да, кўплаб экспертлар бу ҳаракат Украина томонидан амалга оширилганини таъкидлади). Москва шаҳри ва вилоятига дрон ҳужуми амалга оширилди. 22 май куни эса «Россия Озодлиги» легиони (Украина Қуролли Кучлари томонидан россиялик кўнгиллилардан тузилган ҳарбий қисм) ва Россия кўнгиллилар корпуси (Россияга қарши урушда Украина томонидан қатнашаётган руслар) Россиянинг Белгород вилоятига бостириб кирди. Шундан буён Белгородда жанглар кечмоқда. Янги маълумотларга кўра, айни дамда ушбу ҳарбий гуруҳларга Поляклар кўнгиллилар корпуси ҳам қўшилган. Россия ҳудуди ичида учта ҳарбий гуруҳ турли мақсадларда ҳарбий операция ўтказиб келмоқда. Бу "дунёдаги иккинчи рақамли армия" учун ўта кетган шармандаликдир.

Умумий олганда, Россия ҳудудларига 2 минг мартадан ортиқ ҳужум уюштирилган. 1 июнь куни Белгород областидаги 40 минг кишилик Шебекино шаҳри рекорд даражада ўққа тутилган эди. Ўтган йилнинг феврал ойидан буён Россия ҳудудида 52 киши ўққа учиб ҳалок бўлган, 242 киши яраланган. Бу ҳақда «Новая-Европа» нашри хабар бермоқда. Қайд этилишича, уларнинг тенг ярми Белгород области фуқаролари.

Россия босқинининг мақсадлари амалга ошмаганини РФ Давлат думаси қўмита раиси ўринбосари, «Единая Россия» партияси аъзоси Константин Затулин ҳам тан олди. У ўз фикрларини федерал телеканал эфирида айтиб ўтган. Депутат Россия Украинани нацистлардан халос қилиш, қуролсизлантириш, нейтрал статусга қайтариш, шунингдек, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» аҳолисини «ҳимоя» қилишга киришганини расман эълон қилган эди, деб эслатган.

«Бу пунктларнинг қай бири бўйича натижага эришдик?! Бирортасига ҳам. Боз устига, мақсадлардан айримлари маънога эга бўлмай қолди. Масалан, Украинанинг нейтраллиги. Бу талабни илгари суриш ортиқ қандай маънога эга? Энди ҳеч қандай маънога эга эмас. Агар Украина мавжуд бўлиб қолаверса, у ҳеч қачон нейтрал бўлмайди», — дейди у.

Унинг фикрича, гарчи Россия раҳбарияти ушбу мавзу бўйича сўз очмаган бўлса-да, пайдо бўлган вазиятни жуда яхши англаб турганини «билдириб» қўймоқда.

Аввалроқ Белгород мэри Россия Мудофаа вазирлигига саволлари кўплигини айтган эди. «Вагнер» раҳбари Пригожин эса ўз норозилик ва шикоятлари билан ОАВнинг ҳафталик тартибидан ўрин олмоқда. Энди расмий депутат ҳам буни тан олгани эса, Россия тараф сир бой бермасликка уринса-да, асл ҳолатни барча тушуниб етганини англатади.

@fayzboguz