Get Mystery Box with random crypto!

Андижонда мансабдор бўлиши мумкин бўлмаган шахс ҳоким ўринбоса | Файзбоғ (ТемурМалик)

Андижонда мансабдор бўлиши мумкин бўлмаган шахс ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланди

Андижонда мансабни суиистеъмол қилиш айблови билан судланиб, мансабдор бўлиши тақиқланган шахс Қўрғонтепа тумани ҳокимига ўринбосар этиб тайинланибди.

"Дарё" суриштирувига кўра, Баҳромжон Турсунов Қўрғонтепа тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши ноқонуний бўлиши мумкин. Боиси у жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2022 йилнинг 17 майдаги қарори билан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан айбдор деб топилган.

Суд томонидан собиқ мансабдорга нисбатан 1 йил муддатга маҳаллий ҳокимият органларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо 2022 йилнинг 2 июлидан бошлаб кучга кирган.

Суд ҳукмига кўра, Турсунов 2023 йилнинг 2 июлига қадар маҳаллий ҳокимият органларида ҳеч қандай мансабдорлик лавозимларини эгаллаши мумкин эмас ва бу қонунга зид ҳисобланади. Лекин туман ҳокими 5 апрел куни Турсуновни ўзининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Кейинчалик, туман ҳокимининг шахсан ўзи судга Баҳромжон Турсуновга нисбатан тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимоснома киритган. Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди (ҳокимдан қанчалик мустақил, саволли масала) 27 апрель куни ҳокимнинг илтимосномасини қаноатлантирган.

Яна бир жиҳат, қонун бўйича ҳоким ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ишдан олиш масалалари депутатлар билан кенгашилиши, бу масала туман кенгаши йиғилишида кўпчилик овоз билан маъқулланиши керак. Лекин Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов Турсуновни ўзига ўринбосар этиб тайинлаш масаласини халқ депутатлари Қўрғонтепа тумани кенгашининг сессиясида кун тартибига киритмаган.

@fayzboguz