Get Mystery Box with random crypto!

Бутун Ўзбекистондаги вазиятга кўзгу тутган бир кун Ўзим вазия | Файзбоғ (ТемурМалик)

Бутун Ўзбекистондаги вазиятга кўзгу тутган бир кун

Ўзим вазиятга шахсан гувоҳ бўлмаган бўлсам-да, Газета.уз'нинг Ҳайитдан олдинги кун ҳақидаги мақоласи эътиборимни тортди. У ерда таътил кунлари дабдурустдан, бир кун аввал эълон қилингани сабаб юзага келган муаммолар санаб ўтилибди.

— Тошкентда юзага келган охири йўқ пробкалар;

— поездлар фаолияти, график ўзгариши оқибатидаги ноқулайликлар;

— вилоятлараро таксилар етишмовчилиги ва нархларнинг кескин ошиши; (Тошкент-Термиз йўналишида нарх киши бошига 800.000 сўмгача кўтарилган)

— қандолатчилик ва шу каби маиший хизмат соҳаларида юзага келган қийинчиликлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда бу ҳолат, афсуски, янгилик эмас. Шу йил бошидаги аномал совуқ даврида расмийлар масъулиятсизлиги ортидан талабалар сарсонгарчилиги ҳам ёрқин мисол бўлган эди. Юртимизда қайси соҳага назар ташламайлик, қайсидир амалдорнинг ўз вазифасига панжа ортидан қарагани, айрим буйруқларнинг кеч берилиши ёки берилмаслиги, берилганда ҳам маромига етказиб бажарилмагани, ҳатто хусусий секторда ҳам ишлар дедлайнга тақалиши ортидан муаммолар қалашиб кетганини кўрамиз. Чунки жамиятда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ бўлади ва биргина масъулиятсизлик дамино эффектини беради.

Энг муҳим жиҳати эса, бундай бефарқлик фуқароларга сингиб улгурган — солиқлар вақтида тўланмайди, фуқаролик позицияси, ижтимоий фаоллик ҳақида на қизиқиш, ва на маълумот бор одамларда. Шуларнинг барчаси ижтимоий ҳаётнинг мураккаблашуви, вақтнинг ортиқча сарфи ва ишончсизликка олиб келади, тартиб ва ривожланиш бўлмайди.

Муҳим вазифаларга потенциали юқори, комплекс тизимни яратиш ва уни бошқариш қобилиятига эга кадрларни олиб келиш билангина бу каби муаммоларни ечиб тизимни йўлга солиш мумкин, агар юқоридан сиёсий ирода кўрсатилса, албатта.

@fayzboguz