Get Mystery Box with random crypto!

Андижон вилояти ҳокими аҳоли орасида пиёда юришни ташкил қилга | Файзбоғ (ТемурМалик)

Андижон вилояти ҳокими аҳоли орасида пиёда юришни ташкил қилган раҳбарларни дам олишга Дубайга жўнатишга тайёрлигини маълум қилди.

"Андижон вилоятида бир ой давомида эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрган маҳалла аҳолиси Самарқанд ва Бухорога, уч ой давомида шу ишларни ташкил этган маҳалла раислари ва ходимларини юришга мажбурлаган ташкилот раҳбари эса Дубайга саёҳатга юборилади", дейди "муҳтарам" сўзини такрорлаш тезлиги бўйича чемпион ҳисобланган ҳоким.

Барча долзарб муаммоларимизни ҳал этиб бўлиб, энди "кўп гўшт еворадиган" қатламга қарши кураш бошлаворгандекмиз. Аввал биттаси 1 кило вазн ташлаганларга 500 минг сўмдан мукофот ваъда қилувди, энди иккинчиси саёҳатга жўнатишни таклиф қиляпти. Ҳатто америкаликлар ҳам бизнинг айни дамдаги муаммоларимизга хавас қилса керак)

Раҳбарлар халқ билан ўзаро бошқа-бошқа — параллел оламда яшашини олдинроқ ҳам айтиб ўтганман. Айтиш керакки, қўлига "власть" топширилиши, буткул дахлсиз ҳуқуқига эга бўлиши, бюджет пулларини тўлиқ назорат қилиши, ва энг асосийси, "президент вакили" статусини қўлга киритиши вилоят хонларини янги даражага кўтарди. Мисли кўрилмаган ислоҳотлар, деб шунга бонг уришса керак булар. Ҳа, чиндан ҳам, сўнгги беш йилда барча олигарх-чиновниклар учун мисли кўрилмаган имконият ва маблағ тақдим этилди. Бунақаси бўлмаган.

Бу ерда айрим "қонунсеварлар" ҳоким бу каби ташаббусларини олға суриш олдидан аввал туман, сўнгра вилоят депутатлари ва парламентда муҳокамага қўйиши кераклигини гапириб юришибди. Биз ҳам параллел, қонунлар устувор бўлган оламда яшаётгандек тасаввур қилиб қоламизда баъзан ўзимизни. А, қўлида "власти" бор ҳоким учун бу ишларни бажариш "шессекунд"лик иш-ку, шунча одамни овора қилиб ўтириш шартми)

Келажакда ҳокимбувалардан етарли вазнга эга бўлмаган, қашшоқлик ва камбағалликда кун кечирувчи аҳолини семиртириш бўйича ҳам жўяли таклифларни кутиб қоламиз.

@fayzboguz