Get Mystery Box with random crypto!

Айтишларича, Ўзбекистонда ТикТок VPNсиз, яна олдингидек бемало | Файзбоғ (ТемурМалик)

Айтишларича, Ўзбекистонда ТикТок VPNсиз, яна олдингидек бемалол ишлаб кетибди. Шу платформа тўғрисида гапирмай дедим, лекин ичимда гап сақлаб туролмайман — айтаман-қўяман, буни қандай қабул қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

ТикТок шу пайтгача Ўзбекистондаги энг демократик ва либерал замонавий платформа эди. У ерда ҳамма — диндорлар ҳам, динсизлар ҳам, маънавиятчилар ҳам, маънавиятсизлар ҳам, "пахтакорлар" ҳам, ашаддий танқидчилар ҳам бир сафда ижод қилиб туришарди. Кейин телеграмчи, фейсбукчи "акахонлар", ҳукумат аъзоларию бекорхўжа депутатлар ушбу либерал жараёнларга аралашиб, унинг блокланиб кетишига сабабчи бўлишди. Мана, бугун ТикТок ички қоидалари миллий қадриятларимизга ва менталитетимизга мос (ва албатта, ҳукуматни танқид қилувчи материаллардан ҳоли), янгича қиёфа билан ўзбек сегменти бағрига қайтди. Кўпчилик ўз ниятига етди, ҳукумат ҳам.

Менга доим янги Ўзбекистонда тенденцияга айланиб бораётган битта ҳолат шубҳали туюлади: ниманидир тақиқлаш лозим бўлса (Тикток, ҳайкал ҳуқуқлари бузилиши, телевидениеда узатилувчи менталитетимизга мос бўлмаган кўрсатув/сериаллар, соқол), бу иш билан дарҳол давлатимиздаги энг юқори мартабали инсонлар — президентнинг ўзидан тортиб, ҳукумат раҳбаригача шуғулланишади. Ва бу "муаммо" тез орада ҳал этилади. Аммо халқ учун глобал ҳисобланган муаммолар йиллар давомида ҳал этилмай келади. Ну, зато маънавиятимиз тоза, қолгани иккинчи даражали масала.

Энг қизиғи шундаки, бу ишлар Парламентда, ҳукуматда ва давлат теппасида расман либерал қарашли инсонлар (ЎзЛиДеП) ҳукмронлик қиладиган Янги Ўзбекистонда содир бўляпти. Ўзлари яратган ўйин қоидаларга, ҳеч бўлмаса ўзлари амал қилишса яхши бўларди. 5 йилдан буён либералларга овоз бериб келяпмиз ва ана шу псевдолибераллардан ўз идеологик қарашларига содиқ қолишларини сўраган бўлардим.

@fayzboguz