Get Mystery Box with random crypto!

Йўловчи хавфсизлиги барчасидан устун бўлиши керак! Афсуски, к | Farxod ZAYNIYEV | RASMIY

Йўловчи хавфсизлиги барчасидан устун бўлиши керак!

Афсуски, кундалик ҳаётимизда шаҳар жамоат транспортида учраётган ҳар хил турдаги ҳуқуқбузарлик оқибатида содир бўлаётган салбий воқеалар ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез хабар топмоқдамиз. Боз устига бевосита ушбу воқеаларни кузатиб турган ҳайдовчи ва бошқа йўловчиларнинг эътиборсизлиги ёки ҳаракатсизлиги эса ачинарли ҳолат.

Айтиш керакки, амалдаги қонунларимизга асосан ташиш жараёнида йўловчи хавфсизлигинини таъминлаш, бу ташувчининг мажбурияти ҳисобланади. Бундан ташқари, транспортда хафсизликни таъминлаш борасида ҳам қонун ости ҳужжатларда аниқ талаблар белгиланган. Бироқ, ушбу талабларни амалга ошириш технологиялар ривожланишига қараб такомиллаштириб борилмаяпти.

Масалан, ҳар бир жамоат транспорт турида видеокузатув мосламаларини мажбурий ўрнатиш орқали ҳуқуқбузарликни тезкор аниқлаш ва уларнинг сонини кескин камайтиришга ҳам эришиш мумкин бўларди. Қаловерса видеокузатув камералари орқали хизмат сифатини ошириш, мисол учун автотранспорт воситасига меъёрдан ортиқча йўловчи олиш, белгиланмаган жойларда тушириш, ҳайдовчиларнинг автобус эшикларини очиқ ҳолда бошқаришлари ва бошқа қоида бузарликларни аниқлаш хамда тегишли чора кўриш имконияти яратилади. Табир жоиз бўлса, йўловчининг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлигини таъминлаш масаласида видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ортиқча ҳаражат деб қаралмаслиги керак.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сонли қарорига кўра, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар жамоат транспорти ва йўловчиларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб ўрнатилган. Бироқ, бугунги кунда бу талаб ташувчилар томонидан деярли бажарилмасдан келинмоқда.

Сабаби, транспорт соҳасида ваколатли орган ташувчиларнинг тегишли талабларга риоя қилмаганлиги учун уларнинг лицензиясини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга. Холбуки агар бу ваколатдан фойдаланадиган бўлса, шаҳар жамоат транспортида, айниқса автобус ташишларида узилишлар кузатилиши мумкин. Чунки, аксарият шаҳарларда жамоат транспортида ташиш хизматлари саноқли ташувчилар томонидан амалга оширилади.

Шу сабабли, шаҳар жамоат транспорти сифатини ва хавфсизлигини ошириш мақсадида, аниқланган қоида бузилиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда маъмурий жарималар белгилаш орқали таъсирчан жазо чораларини жорий этиш керак деб ҳисоблайман.

@farxod_zayniyev