Get Mystery Box with random crypto!

Кеча даҳшатга тушдим. Бир тамаддихонада футбол кўрдик. 200 тач | Facebookdagi gaplar

Кеча даҳшатга тушдим. Бир тамаддихонада футбол кўрдик. 200 тача одам бўлса, шунинг камида 80 фоизи алламбало онлайн қиморхоналарга пул тиккан экан.

Футбол бир чеккада қолиб кетиб, нималарнидир ҳисоблаб ётишибди. Ким қандай гол ургани эмас, нечта гол ургани, қачон урганигача ҳисоблаб, ичини ит тирнаб ётибди.

Биттаси билан гаплашдим. 50 минг доллар ютган экан. Шунга омадлиман деб ишониб қолган шекилли, Франция ютади деб ҳовлисини сотиб, тикиб юборган. Бола-чақамни қаерга олиб бораман деб, йиғлаб ўтирибди охирида.

Францияга пул тикканлар бошини чангаллаб қолган, столни уриб синдирган, бир-бири билан ёқалашган. Биттаси мошинасини сотиб, Франция ғалабасига тикиб юборган. Биттаси йил бўйи бели майишиб топган сармоясини.

Кийган кийимидан, еяётган таомидан маълум: кўпи қўл учида кун кўрадиган йигитлар. Охирги пулидан ҳам айрилиб, вайрон бўлиб ўтирибди.

Рости, мен бунақа одамларга кўп ачинмайман. Текин пишлоқ, осон пул фақат қопқонда бўлади. Бундай топилган пулнинг баракаси ҳам бўлмайди. На ўзингга, на оилангга бахт келтиради. Ҳалолидан қўймасин, пешона тери билан топилган пулнинг роҳатига бирор нарса етмайди.

Қиморга муккасидан кетган акалар, укалар, жўралар, опалар, сингиллар, бу ишни ташланг. Бу йўлнинг охири фақат ғусса билан тугайди. Пул тикишни бошлагандаёқ ютқазиб бўлгансиз. Меҳнатдан қочманг, чин кўнгилдан ишланг, Худо ўзи барака беради.

(С) #Адҳам Арслон

https://t.me/facebookdagi_gaplar