Get Mystery Box with random crypto!

Путин Эрдўғон билан суҳбатда Мариупол “озод қилингани”ни эълон | ELTUZ

Путин Эрдўғон билан суҳбатда Мариупол “озод қилингани”ни эълон қилди

Россия президенти Владимир Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон суҳбати чоғида у билан Мариуполдаги вазиятни муҳокама қилди, дея хабар беради Кремл сайти.

Мурожаатда қайд этилганидек, Туркия президенти Мариуполдаги вазият масаласини кўтарди.

Путин бунга жавобан “бу шаҳар озод қилинди ва у ерда ҳеч қандай жанг йўқ”, деди.

Азовстал ҳудудида муҳосирага олинган Украина ҳарбийлари ҳақида гапирар экан, Путин “Киев расмийлари сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олиб, инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, уларга қуролларини ташлашга буйруқ бериши керак”, деди.

"Уруш асирларига ҳаёт, тиббий ёрдам ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ даволаниш кафолатланади", дейилади Кремл сайтида.

21 апрел куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Путинга Мариуполнинг Россия назорати остида қўлга киритилгани ҳақида ҳисобот берди.

“Азовстал” заводи ҳудуди Украина қўшинларининг шаҳардаги ягона таянчи бўлиб қолмоқда, деди вазир.

Путин бунга жавобан "Азовстал"га ҳужумни ўринсиз деб атади ва рус ҳарбийларининг “ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш” учун уни бекор қилишни буюрди.

Бунинг ўрнига Путин “пашша учиб кетмаслиги” учун саноат зонасини блокировка қилишни буюрди.

Таслим бўлган украиналик аскарларга ҳаёт кафолатланади, деди Путин.

Кеча Россия Мудофаа вазирлиги бир томонлама тартибда "Азовстал" ҳудудида тинч аҳоли учун гуманитар йўлак очаётганини маълум қилди.

Украина томони таклифни рад этди.