Get Mystery Box with random crypto!

Қийналаётган яна ўша оддий халқ бўляпти Ассалому алайкум, Туз | ELTUZ

Қийналаётган яна ўша оддий халқ бўляпти Ассалому алайкум, Туз оға яхшимисиз? Сизга ва сиз орқали ҳурматли президентимиз Шавкат Миромоновичга мурожаат йўлламоқчи эдим.

Мен Наманган вилояти Уйчи тумани Мустақиллик МФЙ Семуруғ кўчасидан Мирзамаҳмудов Бахтиёр бўламан.

Президентимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлаб чиқарган қарорлари:

1) 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5242-сон

2) 2018 йил 27 июндаги “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5466-сон фармонлари

3) 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ–3777-сон

4) 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3856-сон

5) 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4231-сон қарорлари билан танишиб чиққан ҳолда 2020-йил "Гул босилган газламалар ва чокли буюмлар" ишлаб чиқариш, маҳалладаги ишсиз 3-4 аёлни банд қилиш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлиб ЯТТ очдим.

Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлдим. Табиийки янги иш бошламоқчи бўлган тадбиркорга албатта кўмак керак бўлади. Шу мақсадда ўзим йиғган пулга қўшиб, банк кредит ҳисобидан 2 дона чок мошина ва 2 дона аверлок олиш учун 2020-йил август ойи ўрталарида "Уйчи истеъмолчи таъминот" МЧЖ билан шартнома туздим ва таъминотчи айтган Агробанк Уйчи филиали кредит бўлими ходимига олиб кириб бердим.

Шундан сўнг банкга бир неча марта бориб, ҳужжатларга қўл қўйиб келдим. Сентябр ойида 1-ойлик Сафарбарлик чақирув резервига хизмат ўтагани кетдим. Армиядан қайтганимда ҳам кредит ҳали ажратилмаган экан. Октябр ойида ҳам банкга бориб яна ҳужжатларга қўл қўйдим, кредитдан эса дарак йўқ.

Сўнг таъминотчи ёрдамчиси банк ҳодими билан МЧЖ орқа тарафидаги чевархонада мени суратга олиб ҳужжатга қўшамиз шунда тез чиқади, деб, банк ҳодими билан расмга туширди.

Банк пулни 17-октябрда таъминотчи ҳисоб рақамига тушириб берди, лекин менга таъминотчи 2020-йил декабр ойида ҳам техникаларни етказиб бермади, банкга борсам, банк пул биздан чиқиб кетган, деди.

Шундан кейин туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим, улар таъминотчи ишини жиноят судига оширишди.

2021- йил декабр ойида суд ҳукм чиқарди, унга кўра таъминотчидан менга 29 миллион 800 минг сўм пул ундириш кўрсатилди, таъминотчи олти йил-у бир ойга қамалди.

МИБ мени кафилларимнинг ойлигидан 3 миллион 500 минг - 4 миллион сўмдан кредит учун ушлаб оляпти.

Ҳозирда бу пулларни тўлашга имконим йўқ қаерга мурожаат қилсам ҳам, айб ўзингда, деб, эшитгисиям келмайди раҳбарлар.

Нега банк ўзимни ҳисоб рақамимга тушириб бермади пулларни, воситачи орқали бермасдан?

Давлат бирор ташкилотни шакиллантирса бўладику таъминотчи қилиб, юқори органлар назорат қилиб турадиган.

Ҳозир фақат банкирлар билан таъминотчи деган муттаҳамлар шу кредит орқасидан бойиб ётибди экан. Қайси жиноят судига борсанг, таъминотчи иши кўрилётган бўлади.

Банкга бориб ҳужжатларни кўздан кечирганимда, ҳисоб-фактурага мени номимдан қўл қўйиб юборишган экан, апелляция судида ҳужжат нусхасидан судяга тақдим қилдим, лекин судя банкни судга жалб қилмади, буни инобатга ҳам олмади, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Бу ерда банкнинг ўзи ҳам жавобгар-ку.

Марказий банк ҳам шуларни ўрганиб чиқишини сўрайман.

Хуллас, бизда ҳамма нарса кўзбўямачилик, ростдан бирор иш қилмоқчи бўлсанг ё пулинг бўлиши ёки бирор бир валломатни кимдури бўлишинг керак экан.

Қийналаётган яна ўша оддий халқ бўляпти.