Get Mystery Box with random crypto!

#китоб_ҳақида #Сомерсет_Моэм Уилям Сомерсет Моем - инглиз ёз | Elmira Muxtor | Blog

#китоб_ҳақида
#Сомерсет_Моэм

Уилям Сомерсет Моем - инглиз ёзувчиси, 78 та китоб нашр этган. Моэмнинг кўпгина романлари қисман автобиографик бўлиб, улар унинг ажойиб ёзувчилик қобилиятини намойиш этади.
"Ой ва сариқ чақа" Моэмнинг энг машҳур романларидан биридир. Роман сюжети рассом Пол Гогеннинг ҳаётий ҳикоясига асосланган. "Ой ва сариқ чақа " асари ҳозир ҳам 20 аср инглиз адабиётининг ҳақиқий дурдона асарларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мен бу романни ўқиб тугатганимга анча бўлди. Лекин нима ҳақида ёзишни умуман билмадим...
Асарнинг ҳар бир кичик деталларини тўлиқ ёд этмоқчи эмасман, чунки мен олган таассуротни сиз оддий қабул қилишингиз мумкин. Негаки, мавзу ўша вақт менинг қалбимни бироз ларзага солди, ҳаёлларимда учиб юрган фикрларни тўлиқлигича ёза олмадим. Назаримда, кўплаб саёз асарлар тарозининг бир палласига, “Ой ва сариқ чақа" романи иккинчи палласига қўйилса, мана шу асар оғирроқ тош босса керак. Яна ҳам билмадим, бу менинг шахсий фикрим, эҳтимол, мен ҳикоядан ортиқча таъсирланиб юборгандирман).
Асар кенг қамровли бўлиб, ундаги ҳар бир образнинг бош мавзуда тутган ўз ўрни – позитсияси бор.

Сомерсет Моэмнинг "Ой ва сариқ чақа" китобини тугатганимда бош қаҳрамон Стриклендга унчалик ачинмадим. Унинг ўлимини худди шундай бўлиши керакдек қабул қилдим.
Қайсидир китобда ўқигандим:
"Токи тирик экансан, дахоликдан умидвор бўлма."

Бизда ҳам деярли шундай. Ўлиб кетган инсонга ҳурматимиз ва меҳримиз жўшиб кетади, қон-қонимизга сингиб кетган урф-одатга ўхшайди гўё.
Шунчаки болалигида рассом бўлишни орзу қилган, кейинчалик кундалик ҳаёт, турмуш, оила туфайли эриша олмаган орзусига, эндиликда бутун умрини бағишлашга қарор қилган худбин, такаббур, мағрур ва аҳмоқ инсон ҳақида.
Ҳа, аҳмоқ. Чунки бизда фикрлаши ўзгача, бошқалардан ажралиб турадиган инсонларни шундай аташади. Баъзида ўзимизни худди телбалардек тутишга ҳаракат қиламиз, ақлдан озамиз, ичамиз, чекамиз, йиғлаймиз, кимдандир аламимизни оламиз. Лекин ишонинг булар вақтинчалик, токи бирор бир жамиятда истиқомат қилар экансиз, барибир шу оқимга тушишга мажбурсиз. Ичимиздагиларни гоҳида қоғозга ёзармиз, дардимизни достон қилармиз, хаёлларга берилармиз. Кейин ортга қайтиб, яна ўша жойга бориб, ҳаётимизни келган жойидан давом эттирамиз. Худди от айланиб қозиғини топгандек. Бўлмаса сизни жиноятчига чиқаришади. Стрикленднинг қалбида сўзлаб бера олмайдиган, томирларида қайнайдиган, юрагина ҳапқиратадиган ажиб бир тушунарсиз гўзаллик бор эди-ки, уни расмларга жо қилишни хоҳлади. Ва жамиятдан бутунлай воз кечди, бутунлай кетди. Бундай таваккалчилик учун қатьият, журьат ва ирода керак. Эртаси номалум бўлган хаёт учун, хозирда сизда мавжуд бўлган барча нарсадан воз кечиш осон эмас. Ўзингизга ўзга олам пайдо қилишингиз мумкин, мени қўлимдан келади бу иш десангиз хам хайрон қолмайман. Лекин бунинг оқибати сизга фақат адолатсизлик олиб келади.

Асардаги Струве айтганидек :
"Бундай фазилат эгаларининг қисмати оғир бўлади. Даҳо одамларга сабр-бардош ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқ керак."


Даҳо инсонлар ҳар доим ҳам етарлича роҳатда яшайвермаган. Айтишадику, дўстларинг, танишларинг, қариндошларинг ҳаёт экан, даҳоликка етиша олмайсан деб. Aслида тақдир эмас инсонлар бешафқат.

Асар назаримда бироз мураккаб, юки бор китоб. Уни саҳифаларга тез-тез кўз югиртириб ўқиб чиқа олмайсиз. Акс ҳолда тушунмай қолишингиз аниқ. Воқеалар турлича, персонажлар ажойиб. Айниқса Стрикленд чизган расмлар жуда ҳам гўзал ва латофатли таърифланган. Ўқиганингизда расмларни ўз кўзингиз билан кўргандек бўласиз, ҳаёлингизда жонланади. Мени Струве қонимни қайнатти, чидаб бўлмас даражадаги олий жаноблик. Ишонинг мехрнинг хам, оқкўнгилликнинг хам чегараси бўлгани маьқул экан. Мутолаа давомида саволлар туғилади, жавобини излайсиз. Аммо кўпгина саволларга, китобни тугатсам хам жавоб топа олмадим. Назаримда жавоб Стриклендни тушунишга ҳаракат қилишда ва персонажларни борича қабул қилишда.
Бу китоб хақида етказиб беришга ҳаракат қилганларим. Мияда айланиб юрган фикрларни барчасини ёза олмадим. Бу шахсий хулосаларим албатта.
Китобни албатта мутолаа қилинг.

@Elmira_Muxtor