Одобни касб қил, яхши насаб ҳосил қиласан. Изоҳ. Насаб инсонн | Дуолар
Одобни касб қил, яхши насаб ҳосил қиласан.
Изоҳ. Насаб инсоннинг қийматини белгиламайди, ота-боболаридан хабар беради, холос. Агар киши шарафли аждодига мувофиқ ном қозонса, бу муваффақиятда ота-бобонинг эмас, ўзининг хизмати ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Сўфи Оллоёр айтганидек:
Агар қилсанг сафар дорулҳаёта,
Хўб ота бор дема, тормош хўб ота.
Яъни, ҳаёт аталмиш диёрда Охират сафарига отланган экансан, «илму амалда танҳо отам бор эди, мен шу тақволи зотнинг ўғлиман...» деган фахр сени алдаб қўймасин. Балки, солиҳ амалларинг, фазилатли хулқинг туфайли сендан яхши от қолсин, ана шу отга тирмашсанггина, сафаринг бехатар бўлади. Демак солиҳ амал, яхши хулқ, гўзал одоб билан насаб тасдиқ топади.
Акс ҳолда, яна Сўфи Оллоёр айтганидек, шармандали аҳволга тушасан:
Қуруғ от бирла ўтган ҳайф авқот,
Уёнғил, бўлма мағрури қуруғ от.
Қуруғ юрма, қуруғ дасти ажалда,
Солур ногоҳ гумон этмас маҳалда.
Ўзунгдин кетма ихлоси авома,
Суюнма нома келмай яхши нома.
Яъни, қуруқ номнинг ўзи билан, яъни «номи улуғ, супраси қуруқ» ҳолда ўтган эссиз вақтлар, эссиз умр! Токай асли йўқ, фақат номи бор сохталик ичра алданиб яшайсан, бас, энди уйғонгил! Эй мусулмон, номингни солиҳ амаллар билан исботла, амалсиз қуруқ номнинг ўзини кўтариб юрибсан. Сиртмоқ ажалнинг қўлида, сен кутмаган маҳал у бўйнингга тушиши мумкин. Авомнинг «пирим», «ҳазратим» дейишларига ўзингдан кетиб, мағрурланма. Ҳали номаи аъмолинг ўнг тарафдан берилгани йўқ, бу дунёда сенга берилган «яхши ном»ларга хурсанд бўлма, алданма.
“Унвонул баён”дан.
ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
@Duo_yodlash - Кунлик дуолар канали.