Get Mystery Box with random crypto!

Биз ура-урачилик ва тарафкашликка жуда устамиз, лекин дунё сиё | Блог | Раджабов

Биз ура-урачилик ва тарафкашликка жуда устамиз, лекин дунё сиёсатида кўп нарсалар биз ўйлаганчалик оқ ва қора рангларда эмас. Ҳозирги Тоғли Қорабоғ устидан кетаётган даҳшатли жангларни кўплар гўёки мусулмонлар ва ғайридинлар ўртасидаги илоҳий жангдек кўрмоқда. Ҳатто Эрдўғонни янги отам дея ўзбек шоирлари шеърлар бита бошлади...

Аввалроқ бу уруш ҳамма аралашавериб каша бўлаётгани учун бу ҳақида ёзмайман деб қарор қилгандим. Лекин, юртдошларимиз орасидаги бугунги эҳтиросларни кўриб, бир ёзай дедим.

Ўтган ҳафта Арманистон Исроилдан аразлаб Тел-Авивдаги элчисини Ереванга чақириб олганини кўргандирсиз. Сабаб: Исроил ҳали ҳам Озарбайжонга замонавий ҳарбий қуролларни сотишда давом этяпти. (Расмлардаги учаётган дронлар Исроилники - буни Исроилнинг Haaretz нашри ҳам ёзди). “Нефть эвазига қурол” келишуви бўйича Озарбайжондаги 60% қурол-аслаҳа Исроилдан келар экан. Арманистон бундан норози. “Исроил, сен бизни қиряпсан,” деяпти.

Қизиғи, Туркия охирги вақтларда Исроилга кўп қарши гапиряпти: Эрдўған яқинда Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайннинг Исроил билан дўстлашишини қоралади. Лекин, айни дамда Туркия Исроил билан дипломатик ва иқтисодий борди-келдини давом эттиряпти. (Исроилни давлат сифатида биринчи бўлиб тан олган давлат - Туркия.)

Яна қизиғи, насроний Арманистоннинг мусулмон Эрон билан алоқалари. Арманларга Эрон жуда катта иқтисодий шерик ҳисобланади, чунки денгизга Эрон орқали чиқишади. Исроилнинг ашаддий душмани бўлмиш Эрон арманлар билан иқтисодий шерикликни давом эттиряпти.

Исроил биз энди нефтни БАА ва Баҳрайнлардан ҳам олаверамиз, балки бизга тиш қайраётган Эрдўғаннинг нео-Усмонли орзуларига шерик бўлганлар билан алоқани уза қолайлик дея газеталарида чақириқларни ёза бошлашди. Лекин, гап катта пул ҳақида кетяпти. Қурол бизнеси қизиган.

Озарбайжон учун ҳам Исроилни дўстлар қаторида ушлаб туриш фойдали, чунки яҳудийлар орқали Вашингтондаги сиёсий кайфиятни бошқариб туради.

Хуллас, агар бу уруш дин ҳақида деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Афсуски, дин ҳар доим шундай геополитик ўйинларда баҳона ё олий сабаб этиб кўрсатилади, чунки бунга халқни эргаштириш осон. Аслида эса шерикликлар долларга асосланган. Ничего личнего, это бизнес, дейдию. Биз шуни қанча яхши англасак, ҳар қандай ташқи гегемонларнинг ўйинларида ўлжа бўлиб қолмаймиз.

Аслида ҳар қандай уруш бу даҳшат, бегуноҳ инсонлар ўлими. Арманистонда демократия бир йўталганида пайдо бўлган Пашинян ўтган йил Қорабоғга бориб “Бу ерлар арманларники” дея гердайганида ва Қорабоғга янги йўл қура бошлаганида кимга бунча ишонгани номаълум. Халқаро қонун бўйича, ер Озарбайжонники. Барибир қандайдир сиёсий ечим топиш мумкин. Икки тарафнинг аҳмоқлигидан эса фақат халқлар азоб чекяпти.

Ибрат Сафо