Get Mystery Box with random crypto!

Онлайн таълим кучайган пайтлари интернетдаги турли латифа ва ҳ | Isroil Tillaboyev blogi

Онлайн таълим кучайган пайтлари интернетдаги турли латифа ва ҳазилларни қўшиб-улаб ёзгандим. Олдин тахаллус билан чоп этилган

ОНЛАЙН ТАЪЛИМ ШУНҚОРЛАРИ

Ўқитувчи онлайн дарс ўтмоқда:

— Ҳамма синфдами? Йўғе, ҳамма ўз уйидами? Хўш, йўқламани бошлаймиз. «AbbosKakadiski» шу ердами? Ҳа. «Alyosh**0101», сен-чи? «AngryBirds02», «PolatAlendar», «PUBG_PUBG77», «UmmatUz»… Вей, нега ҳамманг ғалати номлар, юлдузчалар, смайликлар, рақамлар қўйволдинг? Сенларга айтяпман, ҳа. Иккинчи кўрмай, ўз отингни ёзиб қўй! Бўлмаса, ота-онанг билан монитор олдига келасан ҳамманг, билиб қўй. Нурбек, нега ҳингиллаб куляпсан, бирор кулгили нарса кўриб қолдингми? Бизгаям «ссилка»сини ташла, бизам кулайлик… Болалар зумга тўғри кириб, тўғри чиқинглар. Ҳар хил пишиллаган, тиқирлаган товушлар бўлмасин. Бу масофавий таълим бўлгани учун дарсда сергак бўламиз.

— Устоз, олдин ҳам масофадан таълим бўлганми?

— Бўлмаган.

— Менинг бобом ҳам масофадан ўқиган эканлар, қишлоғимиздан мактабимгача беш километр масофа эди, эшакда қатнардим, дедилар.

— «Baha100» — Баҳодир, бу умуман масофадан ўқиш эмас. Масофавий таълим бу бошқа нарса. Сен уйингда ўтирасан, ўқитувчи эса мактабда ёки ўз уйида турганча сенга дарс бераверади. Ўртадаги йўл бутунлай аҳамиятсиз, пиёдами, машинадами, эшакда юрасанми — аҳамияти йўқ. Тушундингми энди? Зафар, шу ердамисан? Қани тур-чи, ўрнингдан, ие, майли ўтиравер. Кеча нега ҳожатхонага кириб чиқаман, деб қайтиб келмадинг?

— Қорним қаттиқ оғриб қолди, устоз.

— Компьютернинг орқасидан айланиб ўтиб, диванда ухлаганингни кўрмади деб ўйлайсан-да?! Мен қаршидаги ойнадан ҳаммасини кўриб турганман. Мени алдолмайсанлар, болалар. Айтганча, расмингдаги скелетни олиб ташла. Анови куни Сардорнинг орқасида ғалати кийимлар тўзиб ётганди.

— Устоз, компьютер ойим билан дадамнинг ётоқхонасида, росаям катта компьютеримиз, мен кўтаролмайман-да. Ўша ернинг ўзида ўтираман.

— Ҳа, майли, уйни тартибга келтириб олинглар. Хуршид, сен нимага кавшаниб ўтирибсан?

— Мен ошхонадаман-да, устоз.

— Вақтлироқ овқатланиб олсанг бўлмасмиди? Биринг ошхонада, биринг туалетда. Чиқ дарсхонангга, кейин овқатланасан.

— Хўп, устоз, мана ошхонадан дарсхонага киряпман.

— Нега коридорларингга расм чизилган?

— Ҳа, кўриндими, устоз? Синглимнинг иши, катта бўлсам, рассом бўламан, дейди. Дадам ҳар ой уйимизни ремонт қиладилар.

— Барака топсинлар, даданг, айтиб қўй. Фақат дарсни сўраётганимда ўтган сафардагидек компьютернинг ёнида сенга пичирлаб турмасинлар, буни ҳам айтиб қўй дадангга.

— Устоз, қойил ҳаммасини кўриб турасиз-а?! Физкультура ўқитувчимиз ҳам сизга ўхшаб жуда қаттиқ текширадилар.

— Сизлар яхши онлайн таълим олишингиз учун бор кучимизни сарфлаяпмиз. Қани, жисмоний тарбияни қандай ўтаётганингизни гапир-чи.

— Физкультура ўқитувчимиз ҳамма кўчада ўн дақиқа югуриб келсин, дедилар. Итиниям ўзи билан олволсин, дедилар. Ўн дақиқадан кейин компьютер олдига келдик. Ярмимиз югурмаган бўлсак ҳам, онлайнда жўрттага ҳансираб тургандик, итимиз ҳансирамаётганига қараб алдаганимизни билиб икки қўйдилар.

— Шунинг учун ҳеч ёлғон гапирмаслик керак. Давом этамиз, болалар. Ўтган дарсни ким эслайди?

— Мен яхши эслайман, устоз.

— Нима ўтгандик, гапир-чи.

— Нима ўтганимизни ҳеч ким билмайди, устоз. Чунки компьютерингиз микрофони созланмаган экан, ҳеч нарсани эшитмадик.

— У ҳолда ундан аввалги дарсни такрорлаймиз.

— Ундан аввалги куни қаттиқ шамол бўлган, устоз. Ҳаммамизда интернет қотиб қолган. Дарс тугашига икки минут қолганда ишлаб кетган.

— Ўша икки минутда қандай гаплар бўлган?

— Кимнингдир компютерида микрофон ёниқ қолган экан, дадаси «яна аҳмоқ блогерларнинг стримини томоша қиляпсанми?», — деб бақиргани эшитилган, холос.

— Шунинг учун микрофонни ўчириб қўяман, кимга савол берсам, ўшаникини ёқаман. Нурбек, нега яна иршаясан, юзим учбурчак кўриняптими, ҳаҳ, фильтрни ўчирдим, ана, энди бўлди. Овозим боряптими, болалар. Жавоб беринглар. Паст, дейсизми? Овозни қандай кучайтирарди?

— Alt+F4.

Болалар:
— Ана, овози ўчди. Танаффус қиламиз.

(c) Шукуржон Исломов

https://t.me/domlajon
@domlajon