2023-01-19 11:43:22
ЗАРРА МИСҚОЛИЧА ЯХШИЛИК
Бир фақирнинг қабрига ёруғ дунёдан учта тарнов тушиб келибди. Фақир ҳайрон бўлиб, Аллоҳга юкинибди:
- Эй, Яратган Эгам, бу қандай мўъжиза? Тарновлардан мен нима кутай? Жавоб бўлибди:
- Савоб...
- Қандай савоб?
- Биридан эккан дарахтинг ва яратган боғларингдан савоб оққай.
- Оҳ, қанийди. Умрим бино бўлиб битта ниҳол кўкартирган бўлсам. Демак, бу тарновдан умид йўқ.
- Иккинчисидан зурриёдларингдан савоб келгай.
- Э воҳ, бу марҳаматдан ҳам бенасибман. Ёруғ дунёдан бефарзанд ўтдим. Орқамдан дуо юборадиган ҳеч кимим йўқ.
- Учинчисидан солган кўприкларнинг, қазиган ариқларнинг, қурган мадрасаларинг, тегирмонларингдан савоб келгай.
- Воҳ, нақадар пешонам шўр экан. Лоақал биттагина ариқ қазимабман, эҳ аттанг.
Фақир шундай деб афсус ва надоматлар чекиб турган экан, учинчи тарновдан чакиллаб шарбат тома бошлабди. Фақир яна Аллоҳга юкинибди:
- Эй, ҳамма нарсани билиб-кўриб тургувчи Зот, бу қандайин марҳамат бўлди? Мен қулингни бунчалар сийладинг? Жавоб бўлибди:
- Ҳаётлик пайтингда кўприк қураётганларга икки дона иссиқ нон билан бир қумғон чой элтган эдинг. Шу ишинг кўприк қурганлар қаторида кўрилган эди. Энди шу кўприк бузилиб битгунча сенга савоб келиб тургай.
« Зарра мисқолича яхшилик унитилмагай » дегани шу бўлса керак.
Яқинларга улашинг
@DIYDOR_SHIRIN
2.9K views08:43