Get Mystery Box with random crypto!

АЁЛЛАР ҚАБРИСТОНГА БОРСА БЎЛАДИМИ? #ақида 1096-CАВОЛ: Аёллар | FATVO.UZ

АЁЛЛАР ҚАБРИСТОНГА БОРСА БЎЛАДИМИ?
#ақида

1096-CАВОЛ: Аёллар қабристонга борса бўладими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда қабр зиёратига рухсат берилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"كنت نهيتكم عن زيارة القبور، فزوروها؛ فإنها تزهد في الدنيا، وتذكر الآخرة"

яъни: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки, у дунёдан қайтаради ва охиратни эслатади”, деганлар. (Ибн Можа ривоят қилган).

Уламолар ушбу ҳадисни қабр зиёратига рухсат бериш учун асос қилиб келтирадилар. Бироқ аёлларнинг ҳис-ҳаяжонлари эркакларникидан фарқ қилади. Шу боис китобларимизда аёлларнинг қабристонга бориши борасида бир неча хил фикрларни учратишимиз мумкин. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул муҳтор” китобларида ушбу масаладаги турли қарашларни келтиргач, уларнинг ортидан Хайруддин Рамлийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

إنْ كَانَ ذَلِكَ لِتَجْدِيدِ الْحُزْنِ وَالْبُكَاءِ وَالنَّدْبِ عَلَى مَا جَرَتْ بِهِ عَادَتُهُنَّ فَلَا تَجُوزُ ، وَعَلَيْهِ حُمِلَ حَدِيثُ { لَعَنَ اللَّهُ زَائِرَاتِ الْقُبُورِ } وَإِنْ كَانَ لِلِاعْتِبَارِ وَالتَّرَحُّمِ مِنْ غَيْرِ بُكَاءٍ وَالتَّبَرُّكِ بِزِيَارَةِ قُبُورِ الصَّالِحِينَ فَلَا بَأْسَ إذَا كُنَّ عَجَائِزَ .
وَيُكْرَهُ إذَا كُنَّ شَوَابَّ كَحُضُورِ الْجَمَاعَةِ فِي الْمَسَاجِدِ

“Агар аёлларнинг қабристонга бориши одатдагидек, йиғлаш, қайғуларни янгилаш ва ўликларни мақтаб жар солиш учун бўлса бу жоиз эмас. “Қабр зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, маъносидаги ҳадис ҳам мана шундай аёлларга қарата айтилган. Агар ёши катта аёллар ибратланиш, йиғи-сиғи қилмай, ўтганларга раҳмат сўраш ва солиҳ инсонларнинг зиёратидан табаррук ҳосил қилиш учун борсалар, бунинг зарари йўқ. Агар ёш аёллар бўлса, уларнинг қабристонга боришлари худди масжидга боришлари каби макруҳдир”.

Аллома Ибн Обидийн ушбу ибораларни келтиргандан сўнг масалага қуйидагича хулоса ясаганлар:

وَهُوَ تَوْفِيقٌ حَسَنٌ

яъни: “Хайруддин Рамлийнинг ушбу хулосалари мазкур масаладаги ҳар-хил сўзларни гўзал шаклда мувофиқлаштириш ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби).

Демак, уламоларимизнинг юқоридаги сўзларидан ёши катта аёллар эркакларга аралашмаган ҳолатда, сатри авратга риоя қилиб, йиғи-сиғи қилмай, ибратланиш мақсадида қабристонга бориб ўтганларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб келишлари жоиз экани келиб чиқади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram