Get Mystery Box with random crypto!

ФАРИШТАЛАР УХЛАЙДИЛАРМИ? #ақида 1243-CАВОЛ: Фаришталар ухлай | FATVO.UZ

ФАРИШТАЛАР УХЛАЙДИЛАРМИ?
#ақида

1243-CАВОЛ: Фаришталар ухлайдими? Дам олишадими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фаришталарда ухлаш, чарчаш ва дам олиш сингари инсонлар ва бошқа жониворларга хос сифатлар бўлмайди. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
وَلَهُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِۚ وَمَنْ عِندَهُ لَا يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِهِ وَلَا يَسْتَحْسِرُونَ ‎﴿١٩﴾‏ يُسَبِّحُونَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ لَا يَفْتُرُونَ ‎﴿٢٠﴾
“Осмонлару ердаги барча жонзотлар Уникидир. Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар. Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар”. (Анбиё сураси, 19-20-оятлар).
Аллома Розий раҳимаҳуллоҳ “Мафотиҳул ғайб” номли китобида қуйидагиларни айтган:
"صفة الملائكة: المسألة السابعة: اتفقوا على أن الملائكة لا يأكلون ولا يشربون ولا ينكحون، يسبحون الليل والنهار لا يفترون، وأما الجن والشياطين فإنهم يأكلون ويشربون، قال عليه السلام في الروث والعظم: «إنه زاد إخوانكم من الجن»
“Фаришталарнинг сифатлари: еттинчи масала: уламолар иттифоқ бўлган масала шуки, фаришталар емайди, ичмайди ва никоҳланмайдилар. Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтурлар, чарчамайдилар. Жин ва шайтонлар эса еб-ичади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезак ва суяк ҳақида “У жин биродарларингизнинг озуқасидир”, деганлар”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

Улашинг: @diniysavollar