Get Mystery Box with random crypto!

​​РАМАЗОНДА ҚУЁШ ТУТИЛСА, ИМОМ МАҲДИЙ ЧИҚАДИМИ? #рамазон #қуёш | FATVO.UZ

​​РАМАЗОНДА ҚУЁШ ТУТИЛСА, ИМОМ МАҲДИЙ ЧИҚАДИМИ?
#рамазон #қуёш #имом_маҳдий

1218-CАВОЛ: Бу йилги Рамазон ойида қуёш тутилди. Шунга Рамазон ойида қуёш тутилса, имом Маҳдий чиқишининг аломати бўлади деган маънодаги ҳадисларни тарқатишмоқда. Шу маънода ҳадислар борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Йўқ, бу маънода ишончли бирорта ҳам ҳадис йўқ. Балки бу борада келтирилган ривоят тўқима бўлиб, уни ривоят қилиш ёки тарқатиш мутлақо жоиз эмас. Фақатгина унинг тўқима ривоят эканини айтиб, огоҳлантириш мақсадида ривоят қилинса, жоиз. Ушбу тўқима ривоят қуйидагича санад ила келган:
حدثنا أبو سعيد الاصطخري ثنا محمد بن عبد الله بن نوفل ثنا عبيد بن يعيش ثنا يونس بن بكير عن عمرو بن شمر عن جابر عن محمد بن علي قال: "إن لمهدينا آيتين لم تكونا منذ خلق السماوات والأرض تنكسف القمر لأول ليلة من رمضان وتنكسف الشمس في النصف منه ولم تكونا منذ خلق الله السماوات والأرض"
Дорақутний айтадилар: Бизга Абу Саид Астахрий ҳадис айтди, унга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Навфал ҳадис айтди. Унга Убайд ибн Яиш ҳадис айтди. Унга Юнус ибн Букайр Амр ибн Шамрдан, у Жобирдан, у Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилади: Муҳаммад ибн Али айтади: “Маҳдийимизнинг икки белгиси бор бўлиб, ушбу белги еру осмон яратилганидан бери ҳали юзага келгани йўқ: Рамазоннинг аввалги кечаси ой тутилади, Рамазоннинг ўртасида қуёш тутилади. Ушбу белгилар осмонлару ер яратилганидан бери ҳали содир бўлмади”.
Бу ривоятни имом Дорақутний бир нечта ровийлар орқали Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қилиб келтирган. Яъни бу “ҳадис” деб айтилаётган маълумот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эмас, балки Муҳаммад ибн Ҳанафиядан деб келтиришган. Муҳаддис уламолар бу ривоятни тўқима ва ёлғон дейишган.
Унинг санадидаги Амр ибн Шамир ҳадис тўқиш билан машҳур бўлган “каззоб” – ўта ёлғончи киши бўлган. Ибн Ҳиббон ушбу ровий ҳақида: “У саҳобаларни ҳақорат қиладиган рофизий бўлиб, ишончли кишиларга тўқима ривоятларни нисбат бериш билан танилган” деган.
Ундан ташқари Имом Бухорий, Абу Ҳотим, Яҳё ибн Маин, Ҳоким, Заҳабий каби кўзга кўринган муҳаддислар мазкур ривоят санадидаги айрим ровийларни қаттиқ танқид қилиб, улар кўп ҳолатда уйдирма ёки заиф ҳадислар ривоят қилишлари, улар ишончсиз эканини таъкидлаганларини келтиришган.
Бундан ташқари имом Маҳдий чиқиши ҳақида келган ҳадисларнинг бирортасида қуёш ёки ой тутилиши ҳақида гаплар айтилмаган. Шундан келиб чиқиб, бу ривоятни тўқима эканига танбиҳ бермасдан тарқатиш жоиз эмас.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳадис айтишда ўта эҳтиёткор бўлиш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ كَذَب عليَّ، فليتبوَّأ مقعده من النار
“Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин!” дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

Улашинг: @diniysavollar