Get Mystery Box with random crypto!

​​МАККАНИ ҚЎРИҚЛАЙДИГАН АБОБИЛ ДЕГАН ҚУШ БОРМИ? #Макка #абобил | FATVO.UZ

​​МАККАНИ ҚЎРИҚЛАЙДИГАН АБОБИЛ ДЕГАН ҚУШ БОРМИ?
#Макка #абобил #қуш

1213-CАВОЛ: “Абобил” деган қуш бор экан. У жума куни учмас экан, чунки муқаддас Маккани қўриқлагани учиб кетаркан. Бир танишим дўстлари билан шу мавзуда баҳслашибди. Дўстлар у қушнинг фақат пайшанба куни учмаслигини айтишибди. Ҳақиқатан ҳам шундай – жума куни учмайдиган қуш борми, у ростдан ҳам Маккани қўриқлайдими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Дўстларингиз йўқ нарсалар ҳақида баҳс қилиб, вақтини беҳудага сарф қилишибди. Ўшандай қуш бўлган тақдирда ҳам, инсон уни қачон учиб, қачон қўнишини билгани учун савоб ваъда қилинган эмас.
Абобил сўзининг маъносида тўп-тўп, тўда, гала деган маънони англатади. Пайғамбаримиз туғилишларидан 50 кунлар аввал Каъбани бузиш мақсадида Абраҳа қўшин тортиб келади. Аллоҳ таоло Ўз байтини ҳимояси учун тўп-тўп қушларни юборади ва улар оёқ ва тумшуқларида тош олиб келиб, душман қўшини устига ташлайди. Аллоҳ таоло Фил сурасининг учинчи оятида “Фаарсала алайҳим тойрон абаабийл” деган. Маъноси: “Улар устига гала-гала қушларни юборди”. Тойр сўзининг маъноси қуш, абаабил сўзининг маъноси юқорида айтилгандек тўп-тўп, гала-гала деган маънода.
“Фокиҳатул бўстон” китобида шундай дейилган:
قال في القاموس : أبابيل : أي فرق، وهو جمع لا واحد له، القطعة من الطير والخيل والإبل.
“Қомусда: Абобил сўзи тўп, жамоа деган маънони англатади. Бу сўз кўплик шаклида бўлиб, унинг бирлик шакли йўқ. У қушлар, отлар ёки туяларнинг бир тўдаси, жамоасига айтилади”, дейилган.
Ибн Ҳишом ёзади: “Абобил” сўзи гуруҳ-гуруҳ, деганидир. Араблар бу сўзни бирлик шаклида ишлатганларини кўрмадик» (“Сийратун-Набавийя” китоби).
Каъбани ҳимоя қилган қушлар ҳақида тафсир китобларимизда турли сўзлар бор. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо уларни қалдирғочларга ўхшатганлар. Муфассир Қатода раҳимаҳуллоҳ улар денгиз томондан учиб келган тўда-тўда қора қушлар бўлганини айтганлар. Баъзилар қизил ва қора кўршапалакларга ўхшатган. Бошқалари у қушларни Аллоҳ таоло ўша вақтнинг ўзида ҳавода яратганини айтганлар. Баъзи тафсирларда умуман ҳозирги қушларда учрамайдиган кўринишлар тасвирланган. Уларни ҳозиргача сақланиб қолгани ҳақида маълумот учрамайди.
Демак, бугунги кунда Абобил номли қуш борлиги, уларнинг жума ёки пайшанба куни учиши, Маккани қўриқлаши ҳақидаги гаплар асоссиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

Улашинг: @diniysavollar