Get Mystery Box with random crypto!

ДУО ҚИЛАЁТГАНИМДА ЁМОН ҲАЁЛЛАР КЕЛАДИ #намоз #дуо 650-CАВОЛ: | FATVO.UZ

ДУО ҚИЛАЁТГАНИМДА ЁМОН ҲАЁЛЛАР КЕЛАДИ
#намоз #дуо

650-CАВОЛ: Намозлардан кейин дуо қилсам ҳаёлимга "дуо қилиб овора бўлма, сани дуойинг қабул эмас", "чин дилдан қилмадинг қабул эмас" ёки "Aллоҳнинг қудратига шубҳа қилиб қўйдинг, энди қабул эмас" деган ҳар хил ҳаёллар келади. Кейин шу ҳаёллар билан урушиб-урушиб зўрға дуо қиламан. Илтимос маслаҳат беринг устоз қандай йўл тутай.

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Сиздаги ҳолат васваса ҳисобланади. Бунга эътибор берманг. Ҳадиси шарифда “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Яъни биз дуо қилганимизда ибодат қилаётган бўламиз. Шайтон дуо қилмасликни васваса қилмоқда. Агар бунга эътибор қилсангиз охири бориб дуо қилишдан безиб қоласиз. Натижада дуо қилмай қўясиз. Шайтоннинг мақсади ҳам шу – сизни дуодан тўхтатиш эди.

Ахир Буюк Роббимиз “дуо қилинглар, ижобат этаман” деган бўлса, биз нега дуо қилишдан тўхташимиз керак, тинимсиз дуо қилавераман, деб дуоларни кўпайтиринг. Ояти каримада:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53).

Бошқа бир оятда:

وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ

«...Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан битта раҳматни жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига туширди. Ана ўша битта раҳмат билан улар бир-бирига раҳм қиладилар, шафқатли бўладилар. Ва шу раҳмат билан ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳрибон бўлади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматни олиб қолдики, улар билан қиёмат кунида бандаларига раҳм қилади» (Муттафақун алайҳ). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
@SavollarMuslimUzBot

YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok