Get Mystery Box with random crypto!

ЧАЛҚАНЧА ЁТИШ ДЎЗАХ АҲЛИНИНГ ОДАТИМИ? #ҳалол_ҳаром 599-C | FATVO.UZ

ЧАЛҚАНЧА ЁТИШ ДЎЗАХ АҲЛИНИНГ ОДАТИМИ?
#ҳалол_ҳаром

599-CАВОЛ: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам оёқни бир-бирини устига чиқариб ётишдан қайтарганларми? Бу жаханнамийларни ётишими? Олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу борада икки хил ўзаро қарама-қарши мазмундаги ҳадис ривоят қилинган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам саҳаҳ ҳадис бўлиб, уларни қайси бирига амал қилишда уламоларимизнинг хулосаларига эҳтиёжимиз бор. Имом Бухорий ва Имом Муслим Аббод ибн Тамимдан у эса Амакисидан ривоят қилган ҳадисда:
أَنَّهُ رَأَى رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم مُسْتَلْقِيًا فِي الْمَسْجِدِ، وَاضِعًا إِحْدَى رِجْلَيْهِ عَلَى الْأُخْرَى
“У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда, оёқларидан бирини иккинчисига қўйиб, чалқанча ётганларини кўрди” — дейилган.
Лекин Имом Муслимнинг саҳиҳларида киши чалқанча ётиб, оёқларидан бирини иккинчисига кўтариб олишдан қайтарилгани ҳақида ҳадис собит бўлган:
أنَّ النبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَ: "لا يَستلقِينَّ أحدُكُمْ ثمَّ يَضَعُ إحْدَى رِجلَيهِ على الأُخرى"
яъни: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз ҳаргиз бир оёғини иккинчисини астига қўйиб, чалқанча ётмасин”, деганлар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида, уламолар оёқларни чалкаштириб чалақанча ётишдан қайтарилган ҳадислар аврат очилиб қолиш ҳолатларига йўйилади, деганларини айтганлар. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ётган ҳолатда ундай бўлмаган. Яни аврат очилиш ҳолати бўлмаган. Агар авратлар очилиб қолмаса, бунинг зарари йўқ, жоиз бўлади, деганлар. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ҳам Хаттобийнинг икки хил таҳминини келтириб ўтган. Унинг бирида чалқанча ётишдан қайтариш маъносидаги ҳадис мансух бўлган, дейилган. Яна бирида эса мазкур ҳадис аврат очилиб қолиш ҳолатларига тааллуқли, дейилган. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ, шу иккинчи важҳ тўғрироқ, дейдилар.
Шунга кўра чалқанча ётиб, оёқларни чалкаштириб олиш агар аврат очилиб қолишига сабаб бўлмаса, жоиз иш ҳисобланади. Бу жаҳаннамийларни ётиши эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
@SavollarMuslimUzBot

Telegram | Instagram | Facebook | Tiktok