Get Mystery Box with random crypto!

НАФЛ РЎЗАНИ САХАРЛИККА ТУРМАСДАН ТУТИШ ҲАМ МУМКИНМИ? #рўза | FATVO.UZ

НАФЛ РЎЗАНИ САХАРЛИККА ТУРМАСДАН ТУТИШ ҲАМ МУМКИНМИ?
#рўза

589-CАВОЛ: Душанба, пайшанба кунлари рўза тутмоқчи бўлсам агар эрталаб саҳарликка туролмай уйқуда қолсаму, фақат ният қилиб ҳеч нарса емай тутсам бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Умумий ҳолда рўза тутмоқчи бўлган киши субҳидан олдин туриб, саҳарлик қилиб олиши мустаҳаб амал саналади. Набий алаҳиссалом ҳадисларидан бирида: “Саҳар таомидан кундузги рўзага, қайлула уйқусидан тундаги қиёмга қувват олинглар”, - деганлар” (Ибн Можа ривояти).
Энди, бир одам уйқудан турди, эрталаб бомдодни ўқиди ва нонушта қилмоқчи бўлди-ю, турганидан бери ҳеч нарса емаганлигини эслаб, рўза тутгиси келиб қолди. Дарҳол ният қилиб нафл рўзани бошлаб юбораверса бўлади. Бу қоида бизнинг мазҳабимиздан ташқари Шофиъий, Ҳанбалий мазҳабларида ҳам шундай.
Ҳанафий мазҳаби уламоларимиз инсон бундай ҳолатда катта чошгоҳгача ният қилиб олса бўлаверади, деганлар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳонинг ҳадиси далил бўлган. Эрталаб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ейдиган бирор нарса борми?” деганларида, ҳеч нарса йўқлигини айтадилар. Шунда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, мен рўза тутдим”, деб рўза тутишни бошлаган эканлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
@SavollarMuslimUzBot

Каналга уланиш