Get Mystery Box with random crypto!

Кўпчиликнинг тасаввурида хорижга, айниқса ғарб мамлакатларига | Dilnur Kamilov blogi

Кўпчиликнинг тасаввурида хорижга, айниқса ғарб мамлакатларига чиқиб кетиш, молиявий/иқтисодий муаммоларининг ечими бўлиб кўринади. Четга кетсам зўр бўп кетаман деб ўйлайди.

Ҳа, Европага келиб ўз ишини топиб кетаётганлар кўп. Шу билан бирга бирор ишни бошини ушлолмай сарсон-саргардон бўлиб юртга қайтиб кетаётганлар ҳам етарли.

Баъзи юртдошларимиз муқаддам яхши ишларда ишлаб, бизнеслар юритиб, қийинчиликларга рўпара бўлиб қолганда хорижга келиб қолишади. Лекин ўша муваффақиятли даврларини ҳаёлидан чиқариб ташлолмайди.

Четга келадиган одам ҳар қандай қийинчиликларга психологик тайёр бўлиб келса мақсадга мувофиқ бўлади. Юртдаги статусини унутиш керак. Бу ерларда кимсан-нимасан ҳеч кимга қизиғи йўқ.
Фақат олға ҳаракатланиб, меҳнатдан қочмай, уддалайман, бажараман, енгиб ўтаман деб аввало ўзини руҳий тайёрлаши лозим.

Ўзбек меҳнаткаш халқ деб жааа оширворамиз. Бу ерда бошқа миллатларнинг меҳнаткашлиги олдида биз ўртамеянадан пастроқдамиз. Тўғрисини айтиш керак, биз ялқов эканмиз, доим осон иш қидириб сакраб юраверамиз.

Қўлимизда ҳеч бир касб-ҳунар бўлмай туриб катта маошларни ҳоҳлаб қоламиз. Сабр қилиш, ўрганиш, ўзлаштириш ўрнига турли минг хил сабаблар топиб ўтираверамиз.

Ҳамма риск ва қийинчиликларни бўйнига олиб уйидан олисларга чиқиб кетган ҳамюртларимиз натижаларга эришмоқда.

Катовицага борганимда энди 20 га кирган битта укахонни учратдим. Ҳеч қандай тилни билмайди. Фаст фудда ишларкан, ишидан ташқари арендага машина олиб таксистлик қилиб юрибди. Тиним билмайди. Қойил қолдим братишкага. Шундай ҳаракатчан дўстларимиз яхши натижаларга эришиши аниқ.

Ғарбда осмондан чалпак ёғмайди. Юртда 1000 $ атрофида стабил равишда пул топа оладиган одамлар ҳеч қаерга кетмаса ҳам бўлаверади. Ўзларини қийнаганлари қолади.

Бегона юртларга бориб ўз ўрнини топиб кетиш ҳаммага эмаслигини кўриб гувоҳи бўляпмиз.

Яхшилаб ўйлаб кейин қарор олиш керак.