Get Mystery Box with random crypto!

ТОИФ ВОҚЕАСИ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг а | DIANA OMAROVA

ТОИФ ВОҚЕАСИ
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг амакиси Абу Толиб вафот этиб, мушрикларнинг озор ва жафолари яна ҳам кучайгач, ёрдам ва ҳимоя сўраб Макканинг шарқий томонидаги Тоифга бордилар. Бироқ тоифликлар бира тўла рад қилиб, инкор этдилар. Барча озор ва жафоларга Аллоҳ йўлида сабр қилиб, уйларига қайтгунича ўн кун туриб қолдилар. Уларнинг рисолатни инкор қилишдан қайтмасликлари ва азиятни яна ҳам зиёда қилишларини кўриб, йўлга отландилар ва Маккага бу хабар етиб борса, улардан келадиган фитна яна ҳам ортмасин, деган хавфда уларга:
– Агар сизлар бош тортсаларингиз ҳам, менинг келганимни ҳеч кимга билдирмай туринглар, – деб илтимос қилдилар. Бироқ улар кўнмадилар, балки ўз ораларидаги аҳмоқ кимсаларга буюриб, йўлларини тўсиб сўкинтирдилар ва тошлар оттирдилар.
Ҳамроҳ бўлиб келган Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу) бундай оғир вазиятда қанчалар ҳимоя қилмасин, улардан анча талафот етиб келди. Зайд (розияллоҳу анҳу)нинг боши ёрилди, Сарвари коинотнинг муборак оёқларидан қон оқди.
Ниҳоят, улардан узоқлашиб тўхтаганларидан сўнг Раббисигагина шикоят қилиб: “Эй Аллоҳ! Сенга мадорим қуригани, чорасиз қолганим ва одамлар орасида беобрў бўлганимдан шикоят қиламан. Эй меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот! Сен заифларнинг Раббисисан. Сен менинг Раббимсан. Мени кимларга ташлаб қўйдинг? Менга қарши тургувчиларгами ёки амримни етказа олмаган душманларимгами? Агар менга Сенинг ғазабинг бўлмаса, булар менга писанд эмас! Лекин офият ва кенглик сўрайман. Зулматларни ёритган, дунё ишларини ислоҳ қилган важҳинг нурлари ҳурматидан Сендан паноҳ сўрайман, менга ғазабингни, қаҳрингни юбормагин! Сен нимага рози бўлсанг, мен ҳам ўшанга рози бўлдим. Ла ҳавла ва ла қуввата илла бика”, деб дуо қилдилар.
Робиъанинг ўғиллари Утба ва Шайбанинг кўнгилларида меҳрибонлик туйғулари пайдо бўлиб, Уддос исмли насроний хизматкорларига бир шингил узум бериб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларига жўнатишди. У зот узумдан олиб “Бисмиллаҳ” дедилар ва тановул қилишни бошладилар. Бу ҳолатни кўриб турган Уддос ҳайрон бўлиб:
– Бу юрт аҳли бу каломни айтишмас эди? – деди.
– Сен қайси юртдансан, қайси диндасан? – дея сўрадилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
– Насроний динидаман, Найнаводанман, – деб жавоб берди Уддос.
– Солиҳ инсон Юнус ибн Мутонинг қишлоғиданмисан? – дедилар.
– Юнус ибн Мутони қаёқдан биласиз? – деди.
– У киши менинг биродарим. Пайғамбар эди, мен ҳам пайғамбарман, – дедилар.
Уддос яқин бориб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оёқ ва қўлларини ўпди. Робиъанинг ўғиллари бири иккинчисига:
– Хизматкоринг аҳмоқлик қилди­да, – деди.
Уддос уларнинг ёнига келгач:
– Ҳой шўринг қурғур, нима қилиб қўйдинг?! – дейишди. Уддос:
– Ер юзида бу кишидан кўра яхшироқ инсон йўқ, – деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайд ибн Ҳориса билан отланиб, Макка сари йўлга тушдилар.

"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар" китобидан.