Get Mystery Box with random crypto!

Шуҳрат Қурбонов ёзмоқда: “Майли, обналчиларнинг лоббиси дейиш | davletovuz

Шуҳрат Қурбонов ёзмоқда:

“Майли, обналчиларнинг лоббиси дейишса ҳам, нимага P2P (картадан картага ўтказма) ларни бундай тарзда назорат қилиш ёмонлиги ҳақида бир ёзай.

Биринчидан, P2P ўзи ёмон нарса эмас, бу иккита одам ўртасидаги ҳисоб-китобларни осонлаштирувчи замонавий бир имконият. Яъни олдин оиламиздагиларга, яқинларимизга банкоматга бориб нақд пул ечиб берадиган бўлсак – ҳозир картасига ўтказиб қўя қоляпмиз. Бу албатта яхши. Бундан ташқари олдин ота-оналар талаба болаларига ёки болалар ота-онасига пулни «пятак»ка чиқиб такси орқали нақд шаклида бериб юборишарди. Ҳозир эса картасига ўтказади қўяди. Яхши эмасми?!

Иккинчидан, нимага ҳамма шуни назорат қилайлик демоқда? Сабаб сифатида – тадбиркорлар ўз маҳсулотини касса ёки терминал орқали ўтказмасдан P2P қилиб қабул қилиб даромадларини яширяпти, солиқдан қочяпти деб тушунтиришмоқда. Бу қанчалик рост? Тўғри, шунақа жойлар кам эмас – мисол Малика, Ўрикзор, Абу Сахий каби бозорларда кўп бўлади, баъзида дўкончичилар ҳам сўрашади. Лекин P2P ўтказиб чек олмайдиган одам, нақд пул тўлаб ҳам чек олмаслиги мумкинку, тўғрими – демак нақд пул қабул қилиш ҳам даромадни яширишга, солиқдан кочишга ёрдам бераркан. Лекин P2Pни нақд пулга нисбатан битта плюси бор – бу нақдсиз рақамли тўлов бўлиб, қонуний эҳтиёж туғилганда бу тўлов занжирини аниқласа булади. Нақдда бундай имконият йўқ.

Майли, чекладик ҳам дейлик, солиққа маълумот берадиган ҳам қилдик, кейин нима бўлади, тадбиркор, «вой, энди иложимиз йўқ, солиққа тушарканмиз, жарима тўларканмиз, бу ёғига терминал орқали қабул қиламиз» дейдими? Сиз шунга ишонасизми? Менимча, «ака, мана бу бурчакда банкомат бор, шундан пул ечиб келсангиз, ман сизга 1% (5%,10%) чегирма қилиб бераман» деса керак. Ёки, «ака беринг ўзим пул ечиб келаман» деб ўзи ғирр этиб югуриб бориб ечиб келади. Бунақаси олдин хам бўлган, ўзимга ҳам неччи марта шундай таклиф қилишган.

Муаммо картадан картага ўтказмадами? Менимча, йўқ, сотувчилар картага ўтказиб беринг дейишига сабаб аслида бошқа жойда бўлиши керак. Ўтказма бу бор-йўғи оқибат. Шу сабабни йўқотиш устида ишланса – ўзи камаяди бу нарса. Ёки бошқа йўли бор – Қозоғистонда 3 ой давомида 100 ва ундан ортиқ ҳар хил одамдан картадан картага ўтказма келиб тушса – бундай тушумлар тадбиркорлик ҳисобланиб, пул қабул қилган одамлар солиққа тортилади. Яъни ёппасига ҳамма маълумот берилмайди, фақат шундай кўп тўловлар қабул қилган одамлар тўғрисида маълумот берилади. Менимча, шу тўғрироқ йўл.

Нима бўлганда ҳам, ўзи нақдсиз тўловларни ривожлантирамиз деб қийналиб юрган бир вақтда, филни идиш-товоқ дўконига (слон в посудной лавке) қўйвормасак бўлди.

Буларнинг барчаси ИМҲО”.