Get Mystery Box with random crypto!

Тошкентдаги паркларнинг инвесторларга берилиши масаласида АҚШд | davletovuz

Тошкентдаги паркларнинг инвесторларга берилиши масаласида АҚШдаги ўзбек иқтисодчиларининг муносабати

Беҳзод Ҳошимов:

«Дарахтли парк — аттракцион ва бетонсиз сўлим соябон — бу шаҳарни бой қиладиган нарса. Битта корхона ўша чиққан қийматни ола олмайди, тўғри, лекин шаҳарни кўпроқ бойитади. 

Оддий мантиқ: агар дейлик, Нью-Йорк марказий боғини (Central Park) ўринга Диснейленд қурилганида — Диснейленд корхонаси кўп фойда олган бўларди, ҳеч шубҳасиз. Лекин, ҳақиқат шундаки, агар иқтисодий мантиқ билан қарасак, шунда ҳам, шаҳар марказидаги боғ ўрнига Диснейленд қурилиши Нью Йорк шаҳри камбағаллаштирадиган қарор бўлади. Нью-Йорк ҳокимияти, тўғри мантиқ қўллаган ҳолда шаҳар иқтисодиётига бундай зарба берадиган лекин қайсидир корхона балансини кўпайтирадиган қарор қилмагани жуда тўғри бўлган. Аттракционли парклар керак, масалан Флоридадаги ботқоқни қуритиб бетонли Диснейленд қуришган. Бу тўғри иш бўлган.

Шунинг учун ҳам, дунёдаги барча нормал шаҳарларда: Парижда ҳам Диснейленд Люксембург боғи ичида эмас, шаҳардан 50 км узоқликда қурилган ёки Токиода ҳам император боғини қуритиб Диснейленд қуришмаган — қўшни шаҳар Чибада қуришган. Ҳатто Москвада ҳам, 90-йилларда паркларни ичида бетон қилиб аттракцион қилинганидан кейин, ҳукумат ақлини йиғиб олиб, паркларни шаҳарга, одамларга қайтарган. Биз ҳам 90-йиллар Москвани хатосини такрорламоқдамиз.

Шаҳар ичидаги паркни бетонлаштириш — нафақат экологик шикаст, балки катта иқтисодий шикаст ҳам».

Манба

Ботир Қобилов:

«Бу лотерея эмас, жамоат боғлари бу ижтимоий товар ва уларни давлат ўз қарамоғида қолдириши шарт. Агар шаҳар бу иш билан яхши шуғуллана олмаётган бўлса, демак муаммо шаҳарда ва у иш билан яхшироқ шуғулланиш керак. Боғга қарайдиган кадр йўқ, пул йўқ дейиш мантиққа тўғри келмайди, шаҳар аҳолиси солиқларни айнан шунинг учун ҳам тўлайдилар. Шаҳар бошқарувчилари, яъни хизматчилари қачондир алмашадилар, бу табиий жараён, лекин аҳоли қолади. Боғ ҳам аҳолида қолиш керак.

Мени қийнаётган масала, хотирамиз қисқадек туйилмоқда. Ҳа, ҳозир йилнинг энг зўр ойи, лекин эслатиб ўтаман, Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири бўлиб келади. Бу қандай касалликлар, аҳоли саломатлиги билан оид бошқа қандай муаммоларни келтириб чиқаришини қайтариш шарт эмас.

Нима учун Манҳэттендаги 341 гектар ерни эгаллаб ётган Central Park’ни аукционга қўйиб тадбиркорлик учун сотилмайди? Ёки Лондондаги 142 гектар ерни эгаллаган Hyde Park ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш учун берилмайди? Ваҳоланки, дунёдаги энг қиммат ер айнан шу жойларда. Ишончим комил, шу 341 гектарни сотувга қўйишса, у ерда бино қураман, магазин қураман деган инвесторлар чиқади ва сотувдан тушган пулга бюджетни бойитса бўлади. Лекин, бундай қилинмайди. Авваламбор ҳокимият аҳолидан бундай сўраб ҳам ўтирмайди, боғингизни кессак майлими деб, чунки шу саволнинг ўзидан улар лавозимдан айриладилар (аҳолига ҳисобот беришади ва улар овози орқали келиб-кетадилар). Иккинчидан, фақат пулда гаплашсак ҳам, Central Parkни ҳам, Hyde Parkни ҳам ушлаб туриш айнан ўша шаҳарлар бюджетига тушумни ошириб турибди, аҳолисини саломатлиги, экологияси учун фойдасини пулга чақилса ҳам ҳеч қандай инвестор бера олмайдиган маблағ чиқади.

Давлат бундай масалаларда қатъиятлироқ бўлиши керак. Бир инвестор бозорингизда биз учун рақобатни чеклаб беринг деб хат ёзса ҳам, бошқаси боғни бизга бериб туринг, тижорат қилиб олайлик деса ҳам аҳоли, истеъмолчи ва халқ манфаатлари устун қўйилиши керак. Масала шундаки, Бобур ёки Абдулла Қодирий паркларини сақлаб қолиш фақат парк атрофида яшайдиган одамларнинг муаммоси эмас ва фақат уларнинг фикрлари ёки фаоллигига қараб қолмаслиги керак. Давлат ўз ишини қилиши керак — яъни ижтимоий товарларни таъминлаши керак. Шаҳар боғи деганда диснейленд, аквапарк ёки делфинарий эмас, шаҳар ичида табиатга максимал яқинлаштирилган макон тушунилади.

Манба