Get Mystery Box with random crypto!

Украина Олий Радаси иккинчи ўқишда мамлакатда ўйин бизнесини л | Daryo.Uz

Украина Олий Радаси иккинчи ўқишда мамлакатда ўйин бизнесини легаллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Украина парламентининг расмий сайтида хабар берилган.

Қонун билан азарт ўйинлар (рулетка, қарта ўйинлари ва ўйин автоматлари), шунингдек, букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Казиноларни тўрт ёки беш юлдузли меҳмонхоналарга ва махсус ўйин зоналарига қуриш мумкин; ҳозирда шу турдаги бешта зонани ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Азарт ўйинларга 21 ёшдан кичик бўлганлар қўйилмайди. Ўйин бизнесини Украина ҳукуматига бўйсунувчи махсус комиссия назорат қилади.

Украинада ўйин бизнесига 2009 йилда тақиқ ўрнатилган. Уни легаллаштириш бўйича Олий Радага навбатдаги қонун лойиҳасини 2019 йилда «Халқ ноиби» партияси депутати Олег Марусяк киритган. Қонун лойиҳасига берилган изоҳда келтирилишича, Украинада азарт ўйинларга қўйилган тақиқлар сабаб 5 мингга яқин ўйин автоматлари, 2 мингга яқин қиморхона ва камида 20 та яширин казино фаолият кўрсатмоқда. Январь ойида Рада қонун лойиҳасини биринчи ўқишга қабул қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил май ойида эса Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистонда махсус ўйин зонасини ташкил этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирган, айни вақтда ушбу зона хорижликлар учун хизмат қилишини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Қорақалпоғистонда Лас-Вегасдаги каби азарт ўйин зоналари ташкил этилиши мумкинлигига дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлисга 2018 йилги Мурожаатномаси вақтида ишора қилганди.