2023-03-08 05:56:04
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар аёллар!
Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор нашидаси тобора кучайиб бораётган айни шу фусункор айёмда Сиз, азизларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан табриклашни ўзим учун катта бахт деб ҳисоблайман.
Мана шу байрам кунларида биз – юртимизнинг кексаю ёши Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз.
Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, муболаға бўлмайди.
Чиндан ҳам, ўзининг беқиёс меҳри ва фидойилиги, сабр-қаноати ва чидамлилиги билан хонадонларимизда, бутун жамиятимизда тинчлик-хотиржамлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб, ҳаётимизга файзу тароват бағишлайдиган, тунлари бедор бўлиб, болаларимизни баркамол инсонлар, Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари этиб вояга етказадиган ким?
Меҳрибон ва оқила аёлларимиз эмасми?
Умр йўлларида қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳиятини кўтариб, кучли бўла олган, ғайратли, фидойи инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўътабар зотлар, қалби дарё аёлларимиздир.
Шу маънода, Алишер Навоий бобомизнинг “Аёллар – фаришталарнинг опа-сингилларидир“, ҳадиси шарифда эса “Жаннат оналар оёғи остидадир “деган ҳикматли сўзларда қандай чуқур маъно борлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Ҳурматли опа-сингиллар , халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда, мухтасар қилиб айтганда, бугун Ўзбекистонимиз қўлга киритаётган улкан марраларда – бу қайси соҳа, қайси касб-ҳунар бўлмасин, уларнинг барчасида аёлларимизнинг муносиб, буюк ҳиссаси борлигини миннатдорлик билан айта оламиз.
Баҳор элчиси бўлиб келаётган ўзингиздек гўзал ва мафтункор мана шу қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Доимо оилангиз, фарзандларингиз, эл- у юрт ардоғида азиз бўлиб юринг.
Наманган вилояти Чортоқ тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Феруза Мансурова.
2.4K views02:56