Get Mystery Box with random crypto!

​​ СУВ ЙЎҚЛИГИДА ҚОР БИЛАН ТАҲОРАТ ҚИЛИШ ЖОИЗМИ, ЖОИЗМАСМИ? | Chiroyli Qiroatlar

​​ СУВ ЙЎҚЛИГИДА ҚОР БИЛАН ТАҲОРАТ ҚИЛИШ ЖОИЗМИ, ЖОИЗМАСМИ?

Бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ. Одамларнинг энг яхшиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оиласига, асҳобларига ва уларга эргашганларга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин!

Дарҳақиқат, таҳорат ва ғусл фиқҳи аъзолар устидан сув оқизишдан иборат. Ғусл ва таҳоратда шариатнинг мақсади аъзолар устидан сув оқизишдир.
Сув қандай сифатга эга бўлмасин, тана аъзоси устидан оқиб, ювишга буюрилган аъзоларга етиб борса, кифоя қилади. Бу хоҳ (крандан) оқадиган сув билан қўллар ва юз устидан сув оқизиб ювиш бўлсин, фарқсиз, бу ерда муаммо йўқ. Эриган қор билан таҳорат қилишга келсак, агар қор бадан ҳароратида эриб, суви бадан аъзолари устидан оқиб тушса, бу кифоя қилади. Зотан, суннат қор суви билан ювиниш жоизлигига далолат қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аллоҳ, хатоларимни қор ва дўл суви билан ювгин. Оппоқ кийимни кирдан поклаганингдек, қалбимни хатолардан поклагин. Машриқ билан мағриб орасини узоқ қилганингдек, мен билан хатоларим орасини узоқ қилгин», деб дуо қилардилар.
(Муслим ривояти)

Бу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қор ювиниш воситаси эканини баён қилдилар. Эриган қор суви билан таҳорат қилиш жоизлиги ҳақида фуқаҳолар ўртасида хилоф йўқ. Модомики ювиниш қор суви билан дуруст бўлар экан, Аллоҳ таоло "Моида" сурасининг 6-чи оятида: «Юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз..», деди. Агар қор эриган бўлиб, суви аъзолар устидан оқадиган бўлса, юқорида айтганимиздек, бунда муаммо йўқ. Энди агар совуқ қаттиқлигидан танага ишқаланган қор эримаса ва аъзолар устидан оқиб тушмаса, бу кифоя қилмайди. Зеро, аъзолар устидан сув оқизиш эътиборли.

Қолаверса, масаланинг фиқҳи ҳам шудирки, қор масаласида ҳамда бадан устидаги ёғ ва маникюр каби танага сув етишини ман қиладиган тўсиқлар масаласида бу ҳақда баҳс юритилади. Сувнинг аъзоларга етиб боришини ман қиладиган нарса унинг аъзолар устидан оқиб тушишини ҳам ман қилади. Ҳолбуки, таҳоратда аъзолар устидан сув оқизиш эътиборлидир. Ана шунда шариат буюрган нарса амалга ошади.
Валлоҳу аълам.

Дониёр Файз манбалар асосида тайёрлади.

Chiroyli Qiroatlar