Get Mystery Box with random crypto!

Дўст билан обод уйинг, Гар бўлса у вайрона ҳам. Дўст қадам қўй | Markaziy Osiyo

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.

Интизор ҳар уй диловар,
Дилкушолар базмига.
Гар оёқ қўйса қабоҳат,
Йиғлагай остона ҳам.

Яхши дўстлар даврасида,
Очилурсан ҳар замон.
Кўркни шода ичра топгай,
Марварид дурдона ҳам.

Сўрма мендан, ким дилоро,
Дўстми ё жонона деб.
Дўст менинг кўнглимдадир,
Жонимдадур жонона ҳам.

Қочма ростгўй дўстларнинг,
Коҳишу озоридан.
Қадди рост шамнинг тилидан
Ўртанур парвона ҳам.

Дўст қидир, дўст топ жаҳонда,
Дўст юз минг бўлса оз.
Кўп эрур бисёр душман,
Бўлса у бир дона ҳам.

Ким сенга ҳамроз эмасдир,
Боғараз деб ўйлама.
Гоҳи душманлик қилурлар,
Қўл сиқиб дўстона ҳам.

Дўсти содиқ йўқ экан деб
Ўртаниб куйма ва лек.
Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин,
Дўст бўлур бегона ҳам!..

Эркин Воҳидов

Library @centerasia_library

Каналга уланиш
@centerasiastudy